Линклар

Россияда спортчиларнинг ўз кўрсаткичларини яхшилаш учун допингдан фойдаланишини ман этувчи қонун қабул қилинади. Бу ҳақда мамлакат спорт вазири Виталий Мутко 24 май куни билдирди.

Бир гуруҳ журналист олдида чиқиш қилган Мутко “Биз допинг ҳамда куч-қувватни оширувчи дорилардан фойдаланишга уринишни жиноятга тенглаштирувчи мазкур қонунни қабул қилишга қарор қилдик”, деди.

24 март куни Россия матбуотида берган намуналари қайта текширилганда допинг излари топилган 14 россиялик спортчининг 10 нафари 2008 йилги Пекин олимпиадасида медаль қўлга киритгани ҳақида хабар тарқатилди.

Мутконинг айтишича, 20 май куни Кремль ушбу қонун лойиҳасини Россия Думасига тақдим этиш режасини маъқуллаган.

“ТАСС” хабар агентлиги тарқатган маълумотга кўра, мазкур қонунни бузганлар максимум 3 миллион рубль жаримага тортилиши ёки беш йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида рус енгил атлетикачилари допингдан мунтазам фойдаланиши тўғрисида исбот-далил тўпланганидан кейин Россия енгил атлетикачилари халқаро ўйинларда иштирок этишдан маҳрум қилинган эди.

Россия Олимпия қўмитасининг билдиришича, 24 март куни Халқаро Олимпия қўмитаси 2008 йилги Пекин олимпиадаси давомида олинган намуналар қайта текширилганида россиялик 14 атлет допингдан фойдалангани аниқлангани ҳақида хабар берган.

Қўмита тестда ким ижобий натижа кўрсатганини очиқламаган. Россия матбуотида тарқатилган хабарларга кўра, улар орасида 4х100 эстафетаси ғолиби Юлия Чермошанская, 2008 йил медаль қўлга киритган, 2012 йил баландга сакраш бўйича ғолиб бўлган Анна Чичеровалар бор.

“Матч ТВ” телеканалига кўра, допинг тестидан ўтмаган кумуш медали совриндорлари орасида найза отувчи Мария Абакумова, 4х100 эстафетаси иштирокчилари Анастасия Капачинская ҳамда Татьяна Фирова, бундан ташқари, оғир атлетикачи Марина Шаиновалар бор.

Допингда айбланаётган бронза медали совриндорлари орасида эса 3000 метрли стипль-чезда югурган Екатерина Волкова, 4х400 эстафетасида иштирок этган Денис Алексеев, енгил атлетикачи Денис Нижегородов ҳамда оғир атлетикачи Надежда Евстюхиналар бор.

Допинг тести натижалари яна бир марта тасдиқланиши керак. Шундай бўлса-да, олимпиадада совринларни қўлга киритган бунча кўп спортчининг ўз медалларидан айрилиб қолиши мумкинлиги Россия атлетика федерациясини допингда айбдор топилган ҳар қандай спортчи Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган олимпиада иштирок эта олмаслиги ҳақида огоҳлантиришга чорлади.

Федерация Россия дунё атлетика расмийларини “2016 йилги олимпиада ўйинларида ўз атлетлари иштирик этиши учун қўлидаган келганини қилаётганига ишонтиришни хоҳлашини” билдирди.

XS
SM
MD
LG