Линклар

Қамоқдан қутулган Хадича Исмоилова курашни давом эттирмоқчи


Қамоқдан озод этилган Хадича Исмоилова, Боку, 2016 йил 25 майи.

Қамоқдан озод этилган Хадича Исмоилова, Боку, 2016 йил 25 майи.

25 май куни Озарбайжон қамоғидан озод этилган Озодлик журналисти Хадича Исмоилова ҳақиқат учун курашишда давом этажагини билдирди.

Чоршанба куни Озарбайжон Олий суди Хадича Исмоилованинг жазо муддатини 7,5 йилдан 3,5 йилга тушириб, уни қўйиб юбориш ҳақида қарор чиқарди.

Исмоилова 2014 йил декабрида ҳибсга олинган, 2015 йил сентябрида эса солиқдан бўйин товлаш ва талон-торож айблари билан қамоққа ҳукм этилганди. Ғарб ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар унинг озодликка чиқаришга чақириб келаётган эди.

Исмоиловага қўйилган айбловлар унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ, дея кўрилган. Хадича Исмоилованинг Озарбайжон президенти Илҳом Алиев оиласи коррупцияга алоқадорлигини фош этувчи суриштирув репортажлари халқаро мукофотларга сазовор бўлган.

Озод бўлган куниëқ Facebook тармоғида қолдирган ёзувида Исмоилова: “Қўллов учун ҳаммага раҳмат. Мен ўзимни куч-қувватга тўла ҳис қилаяпман. Журналист сифатида ўз ишимни давом эттираман”, деган.

Исмоилованинг озод этилиши Ғарб расмийлари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан олқишланди. Улар Бокуни сиёсий маҳбус ўлароқ кўрилган бошқа журналистлар ва фаолларни ҳам озод қилишга чақирдилар.

Хусусан¸ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича намояндаси Дунья Миятович Боку раҳбариятини қамоқда қолаётган журналист ва блоггерлар жумладан, Сеймур Ҳази, Нижат Алиев, Абдул Абилов, Рашад Рамазанов ҳамда Араз Гулиевларни озод қилишга чақирди.

Озарбайжон ҳукуматининг кейинги йилларда мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан ëндашувининг кескинлашгани халқаро майдонда танқидларга сабаб бўлиб келмоқда.

28 май куни Озарбайжон Республикаси куни катта байрам қилинади. Ана шу байрам арафасида мамлакатда 3¸5 мингга яқин маҳбуснинг амнистия қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG