Линклар

Ғарб мамлакатлари Надежда Савченконинг қамоқдан озод этилишини олқишламоқда


Надежда Савченко (чапдан иккинчи) ўз яқинлари ва президент Петро Порошенко билан, Киев, 2016 йил 25 майи.

Надежда Савченко (чапдан иккинчи) ўз яқинлари ва президент Петро Порошенко билан, Киев, 2016 йил 25 майи.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини украиналик учувчи Надежда Савченконинг Россия қамоғидан озод этилишини “узоқ кутилган яхши хабар”, деб атади.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер эса Савченко озод қилинганидан кейин кўнглида хурсандчилик ва енгиллик ҳис қилганини билдирди. Штайнмайерга кўра, бу масала юзасидан кўп ишлашга тўғри келган.

“Ниҳоят!” деб ёзди Твиттер микроблогидаги ўз саҳифасида Литва президенти Даля Грибаускайте.

Савченконинг озод қилинишини АҚШ расмийлари ҳам олқишладилар. “Бу эркин дунёнинг биргаликдаги ҳаракати натижа беришини исботлайди”, деб ёзди сенатор Роб Портман.

Кеча Киевдаги қароргоҳида Савченко билан бирга чиқиш қилган президент Петро Порошенко учувчи аёлни озод қилишда кўрсатган кўмаги учун Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи мамлакатларига ташаккур билдирди.

Россия қамоғидан озод этилган Надежда Савченко 25 май куни Украина президентининг учоғида Киевга учиб келди. Борисполь аэропортида журналистлар қаршисига чиққан Савченко ватани учун кураш йўлидан қайтмаслигини билдирди.

Россия суди Савченкони Украина шарқида икки рус журналистининг ўлдирилишига алоқадорликда айблаб, 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди. Қамоқдалигида миллий қаҳрамонга айланган 35 ёшли учувчи аёл мазкур ҳодисага алоқадорлигини инкор қилган ва ўзининг ўғирланиб, Россияга ноқонуний тарзда олиб келинганини айтган.

Савченко озод қилинган куни Украинада ушлаб турилган россиялик икки аскар - Александр Александров ва Евгений Ерофеев ҳам қўйиб юборилди. Кеча Москвага учиб кетган бу аскарлар Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар томонида жанг қилганлик айби билан 14 йилданга қамалгандилар.

Президент Владимир Путин Савченкони Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни узайтириш масаласини қайта кўриб чиқишига бир неча ҳафта қолганида озод қилди.

XS
SM
MD
LG