Линклар

Қодиржон Ботировнинг ўғли Қирғизистон президентига мурожаат йўллади


Бакиевлар эга чиқаётган уй.

Бакиевлар эга чиқаётган уй.

Қирғизистон ҳукумати томонидан 2010 йилги Ўш воқеалари уюштирувчиси деб ҳисобланадиган Қодиржон Ботировнинг ўғли Ботиржон Ботиров президент Алмазбек Атамбаевга очиқ хат йўллаб, ўзининг Конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини илтимос қилди.

"2016 йилнинг 18 майида оммавий ахборот воситалари орқали менга тегишли бўлган Сузоқ тумани Дмитриевка қишлоғи Пахта кўчасида жойлашган 134-уй отамга тегишли, деб топилгани ва суд ажрими билан Бакиев Санжарга ўтказиб берилганидан хабардор бўлдим. Мазкур уй бобом Ботиров Одилжондан мерос қолган ва 1998 йил 22 августдаги ҳадя қилиш келишуви асосида отам томонидан менга ўтказиб берилган. Айни пайтда менинг қўлимда Қирғиз Республикаси Сузоқ туман давлат рўйхатга олиш бошқармаси томонидан берилган Хусусий мулкка эгалик акти мавжуд. Бу уй Қодиржон Ботировнинг давлат ҳисобига мусодара қилиниши шарт бўлган мулклари тўғрисидаги суд қарорида ҳам қайд этилмаган”, деб ёзади Ботиржон Ботиров. Қирғизистон президентига йўллаган мурожаатида.

Сузоқ тумани Дмитриевка қишлоғи Пахта кўчасида жойлашган Ботиржон Ботиров номига расмийлаштирилган уй 18 май куни туман суд ижрочилари томонидан Қодиржон Ботировга тегишли мулк сифатида собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг жияни Санжар Бакиевга ўтказиб берилган эди.

- Мен президентга ўз ҳаққимни ҳимоя қилиб бериши учун мурожаат қилдим. Бу уйни менинг номимга 1998 йилда расмийлаштиришган. Мен унда ёш эдим, дадам уйни менинг номимга ўтказиб қўйган экан ўшанда. Бу уйга дадамнинг алоқаси йўқ, - деди бугунги кунда Туркиядаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган Ботиржон Ботиров Озодлик билан телефон орқали мулоқотда.

Ботиржоннинг отаси Қодиржон Ботиров 2010 йил 7 апрель инқилобидан сўнг Қирғизистон муваққат ҳукумати тарафдори бўлган ва муваққат ҳукуматга Бакиевга қарши курашишда ёрдам берган.

Қирғизистон собиқ президентининг яқинлари 2010 йил май ойида Сузоқ тумани Тейит қишлоғидаги Бакиевлар уйи Қодиржон Ботиров тарафдорлари томонидан ёндириб юборилганини иддао қилиб келадилар. Бироқ Қодиржон Ботировнинг ўзи Озодлик радиосига берган суҳбатларида бу иддаони инкор қилган.

Бу воқеадан сўнг Бакиевнинг яқинлари келтирилган зарарни ундириш мақсадида Ботиров устидан судга ариза берган.

2011 йил апрелида Жалолобод шаҳар суди Қодиржон Ботиров устидан берилган 7,4 миллион сўмлик даъво аризасини кўриб чиқиб, келтирилган зарарни ундириб бериш тўғрисида қарор чиқарди. Сўнгра мазкур ҳукмни вилоят суди ҳам ўз кучида қолдирган.

Санжар Бакиев Қодиржон Ботировга тегишли бўлган бошқа мулкларни ҳам олмоқчилигини айтган.

- 2010 йил май ойида мен турган уйни, акамнинг ва бобомнинг уйини Ботиров бошчилигидаги сепаратистлар ёндириб кетган. Ўша пайтларда халқаро ва парламент депутатларидан иборат комиссия ҳам келиб, хулоса чиқарган. Яқинларим ўша пайтларда Ботиров устидан судга мурожаат қилиб, келтирилган зарарни ундириб беришларини сўраган. Шаҳар суди бизнинг фойдамизга қарор чиқариб, унинг мулкини олишни тавсия қилди. Мен рози бўлдим. Ҳозир Давлат қайдга олиш хизмати орқали уйга ҳужжат тайёрланаяпти. Бизга келтирилган зарар шу билангина қопланмади. Яқин кунларда Ботировга тегишли ер участкасини олиш учун ҳам судга мурожаат қилмоқчиман, - деди Санжар Бакиев.

Қодиржон Ботиров ўғлининг уйига эга чиқаётган Санжар Бакиев 2010 йили ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиевнинг укаси Жусуп Бакиевнинг ўғлидир. У 2010 йил май ойида Жалолободда тартибсизлик уюштиргани, ҳукумат вакилларига қарши қурол қўллаганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Бироқ кейинчалик Олий суд қуйи инстанция судининг бу ҳукмини бекор қилган ва Санжар Бакиев беш йилга қамалган. Санжар 2014 йил ноябрида жазо муддати тугаганидан сўнг озодликка чиққан.

Айни пайтда Ботиржон Ботиров қирғиз ҳукумати унинг арзини инобатга олишига ишонмаслигини айтди.

- Мен ўз мурожаатим инобатга олинишига кўп ҳам ишонавермайман, лекин шунга қарамай президентга мурожаат ёздим. Президент Конституция гаранти сифатида менинг ҳуқуқимни кафолатлаши керак. Менинг фикримча, булар еб тўймаяпти, ўзларининг мулки ўзларига оз кўриниб, бировларнинг мулкларига кўз олайтиришаяпти. Агар президент чора кўрмаса, мен БМТ ёки бошқа халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, буларга қарши иш очдираман, - деди Ботиржон Ботиров.

2010 йил июнь воқеаси бўйича айбланиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қодиржон Ботировнинг мулки 2011 йилда суд ҳукми билан давлат тасарруфига ўтказилган. Ҳужжатларга асосан ўшанда Қодиржон Ботиров ва унинг турмуш ўртоғи Каромат Ботировага тегишли 28 объект ҳибс этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG