Линклар

Икки кун аввал Россия қамоғидан чиқиб, Киевга келган учувчи аёл Надежда Савченко агар зарур бўлса, Украинага президент бўлишга тайёрлигини маълум қилди.

Бу ҳақда Савченко Киевда ўтган матбуот анжуманида эълон қилди.

Савченко журналистларга мурожаат қилиб, бошқа сиёсатчилар билан қўл сиқишиб кўришганини улар билан дўстлашишга уриниш сифатида баҳоламасликларини сўради.

Унинг озодликка чиқарилган куни Киевда Украина Президенти Петро Порошенко Савченконинг қўлини сиққанди.

Аввалроқ матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, Савченко Олий Раданинг миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича қўмитаси таркибига киритилиши мумкин.

Кеча Савченконинг адвокатлари "Савченко-Сенцова рўйхати" ҳануз долзарблигича турганини айтиб, учувчи аёл Россиядаги украиналик сиёсий маҳбусларга кўмак бериш учун жамоатчилик ташкилоти тузиши мумкин.

Россия қамоғидан озод этилган Надежда Савченко 25 май куни Украина президентининг учоғида Киевга учиб келди. Борисполь аэропортида журналистлар қаршисига чиққан Савченко ватани учун кураш йўлидан қайтмаслигини билдирди.

Россия суди Савченкони Украина шарқида икки рус журналистининг ўлдирилишига алоқадорликда айблаб, 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди. Қамоқдалигида миллий қаҳрамонга айланган 35 ёшли учувчи аёл мазкур ҳодисага алоқадорлигини инкор қилган ва ўзининг ўғирланиб, Россияга ноқонуний тарзда олиб келинганини айтган.

Савченко озод қилинган куни Украинада ушлаб турилган россиялик икки аскар - Александр Александров ва Евгений Ерофеев ҳам қўйиб юборилди. Кеча Москвага учиб кетган бу аскарлар Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар томонида жанг қилганлик айби билан 14 йилданга қамалгандилар.

Президент Владимир Путин Савченкони Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни узайтириш масаласини қайта кўриб чиқишига бир неча ҳафта қолганида озод қилди.

XS
SM
MD
LG