Линклар

logo-print

Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги айрим Хитой заводларини мамлакатга кўчириш ортидан мустақиллик йилларида фаолияти тўхтаб қолган корхоналарни қайта ишга туширишни режалаштирмоқда. Хитой заводларини Қирғизистонга кўчириш лойиҳаси юзасидан музокаралар Бишкек ва Бейжин ўртасида 2015 йилда бошланган эди.

Хитойдаги айрим завод ва фабрикаларни Қирғизистонга кўчириш бўйича музокаралар ўтган йилнинг декабрь ойида бошланган эди. Бу масала Москвада Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вазирлари учрашувида ҳам кўтарилган.

Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги расмийси Зайниддин Жумалиев Хитой заводларини кўчириш масаласида махсус ҳукумат комиссияси иш олиб бораётганини билдирди. Унга кўра, Қирғизистон томони хитойлик тадбиркорларга мамлакат ҳудудида фаолияти тўхтатиб қўйилган ёки ярим қувват билан ишлаётган 40 корхонанинг рўйхатини таклиф қилган.

-Чуй, Иссиқкўл ва бошқа вилоятларда маккажўхорини қайта ишлаш, шакар, қурилиш маҳсулотлари, электротехника ишлаб чиқарувчи йирик заводлар ишламай қолган. Хитойдан ҳукумат вакиллари ҳамда тадбиркорлардан иборат делегация келганида бу заводларни уларга кўрсатамиз. Бу ишимиз амалга ошиб, аҳоли иш билан таъминланади ва мамлакатимизга сармоялар киритилади, -деди Зайниддин Жумалиев.

Иқтисодиёт вазирлиги расмийсининг айтишича, хитойлик тадбиркорлар Қирғизистондаги арзон ишчи кучи, электр энергияси, либерал қонунлар ҳамда солиқ тизимининг ўнғайлигига қизиқиш билдирган.

Иқтисодиёт вазири ўринбосари Алмаз Сазбаковнинг қирғиз матбуотига билдиришича, кўчириб келтирилган заводларда ишчиларнинг 80 фоизи қирғизистонликлар бўлишига келишилган. Унга кўра, Хитойдан Қирғизистонга заводларни кўчириш хитойлик ва қирғизистонлик тадбиркорлар ҳисобидан амалга оширилади.

Қирғизистон ҳукуматининг бундай ташаббуси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, бир қатор сиёсатчилар Хитой Қирғизистонга атроф-муҳитни ифлослантирувчи ёки мутлақо зиёнга ишловчи корхоналарни кўчириб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, иқтисодчи Кубаничбек Идинов Хитойдан заводларни кўчиришдан олдин янги қонунларни қабул қилиш шарт, деб ўйлайди.

- Қозоғистонда ерни сотиш тўғрисидаги қонун чиққанидан сўнг халқ кўтарилиб кетди. Қирғизистонда ҳам худди шундай вазият юзага келмаслиги учун дастлаб Хитойдан қанча ишчи кучи Қирғизистонга келиши белгиланган квота қонунини қабул қилиш керак. Иккинчидан, кўчириб келтирилган корхоналар Хитойнинг мулки эмас, балки қўшма корхона бўлишини қонунийлаштириш лозим, - деди иқтисодчи.

Айрим сиёсатшунослар Хитой корхоналарининг Қирғизистонга кўчирилиши ортидан халқ орасида норозилик кўпаяди, деган фикрларни ҳам билдирмоқда. Масалан, бундан аввал ҳам Қирғизистонда хитойликлар қураётган корхоналар ва ишлатаётган заводлар фаолияти тўхтатилиши талаб қилинган митинглар бўлган. Норозилар фикрича, Хитой томони заводларни қуришда техник хавфсизликка риоя қилмайди, хитойликлар ишлатаётган заводлар эса экологиянинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG