Линклар

30 май куни Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 80 ёшида оламдан ўтди. Адиб Тошкент шаҳридаги ҳукуматга қарашли 1-сонли стационарда ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган таниқли журналист Шароф Убайдуллаевга кўра, шоир анчадан бери тўшакка михланган ҳолда ётган ва сўнгги ярим йилда 3 марта инсультни бошдан кечирган.

Тошкентдан олинган маълумотга кўра, Эркин Воҳидов душанба куни кечки пайт оламдан ўтган.

Ўтган ҳафта Озодлик манбалари Эркин Воҳидовнинг тилдан қолгани ҳақида хабар қилишган эди.

70-йилларда шоирнинг “Ўзбегим” қасидаси миллий мадҳия даражасига кўтарилган, 90-йилларда эса у ўзбекларнинг илк миллий озодлик ҳаракати “Бирлик” етакчиларидан бирига айланганди.

Сўнг мамлакат Парламентининг депутати сифатида Ўзбекистон Олий Мажлисининг Парламетлараро алоқалар қўмитасини бошқарди.

Дастлаб ўз ижоди ва фаолияти билан халқ олқишига сазовор бўлган Э.Воҳидов сўнгги йилларда саройга яқин бўлиб, элдан узоқлашгани учун уни ёзғирганлар ҳам кўп бўлди.

Умрининг сўнггида тўшакка михланган ҳолда ётган адибнинг ёнида фақат қизи ва хотини борлиги, уни ҳолидан хабар олгувчи, йўқловчи бошқа бирор кимса йўқлиги айтилди.

Шоирни йўқлаб борган тошкентлик журналист ҳам бунга гувоҳ бўлгани ҳақида ёзди:

"Тилдан қолиб кетадиган аҳволда ётган экан. Борувдик, бир кўрсатишдию, чиқиб кетдик. Ҳеч ким бормаган олдига, ғалати бўлиб кетдик. Хотини ва қизлари нега ҳеч ким келмаяпти деб ҳайрон бўлиб ўтиришибди " деб ëзди тошкентлик журналист 24 май куни.

Эркин Воҳидов 1936 йилнинг 28 декабрида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида дунёга келган. Воҳидовлар оиласи 1945 йилда Тошкентга кўчиб келгач, бўлғуси шоир пойтахт мактабларидан бирида ўқиган.

1960 йили олийгоҳни тугатган Э. Воҳидов аввал "Ёш гвардия", сўнг Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир, директор бўлиб ишлаган ва "Ёшлик" журналига ҳам раҳбарлик қилган.

Э. Воҳидовнинг илк шеърий тўплами 1961 йилда "Тонг нафаси" номи билан босилган. Шоирнинг жами ўттиздан зиёд шеърий мажмуалари нашрдан чиққан.

Э. Воҳидов драматургия соҳасида ҳам ижод қилган. Унинг "Руҳлар исёни", "Истамбул фожеаси" каби достонлари муштарийларга яхши таниш. "Олтин девор" асари эса йиллардан буён саҳнадан тушмай келаяпти.

Унга 1987 йили Ўзбекистон халқ шоири, 1999 йили Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилган.

Шунингдек, Воҳидов собиқ иттифоқ пайти (1983 йил)да Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, мустақиллик йиллари (1997 йил)да эса "Буюк хизматлари учун" ордени соҳиби бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG