Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:10

Тошкентда ШҲТ саммити олдидан пропискасизларга 400 минг жарима солинмоқда


Тошкентда ШҲТ саммити олдидан паспорт режими янада кучайтирилиб, кечки соат 9 дан сўнг паспортсиз юрганлар ва пойтахтда қайддан ўтмаганлар қўлга олиниб, 393 минг сўмдан жарима солинмоқда. Паспорт режими нишонига айланиб қолган вилоятликлар пойтахтда вақтинчалик қайд ёпилгани, 1 ойлик қайд ҳақида берилган шапалоқдеккина ҳужжат инобатга олинмаётганидан шикоят қилмоқда. Тошкент шаҳар ИИБ расмийлари эса вилоятликларга ой охирига қадар уйига кетишни тавсия қилмоқда.

Пропискасизларга жарима

23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити яқинлашгани сари, пойтахтда хавфсизлик чораларининг фавқулодда кучайтирилгани кузатилмоқда.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги дўконлардан бирида ишлаётган сурхондарёлик Ўрол ака, текшир-текширлар боис сўнгги 3-4 кун ичида қарийб кўчага чиқмаётганини айтади:

- Эрталаб соат 8-9 дан бошлаб, кўча тўла мелиса. То тунги соат 12-1 гача. Проспикаси йўқни ушлаб, мелисага олиб кетаяпти. "Мана мелиса бир ойга қайдга олинди, деб қоғоз берган", деб кўрсатсак¸ "Йўқ, бизга паспортга босилган прописка бўлиши керак", дейишяпти. У пропискани бермаяпти. Мана ҳозир 393 минг сўмдан штраф солаяпти, мажбур тўлаттираяпти, - дейди Ўрол ака.

У сўнгги кунлар ичида шаҳарда ишлаб юрган бир неча ҳамюрти, жумладан, ўз укаси жаримага тортилганини айтаркан, ШҲТ саммити боис кучайтирилган назоратдан норози эканини айтади:

- Саммит бўлармиш, 45 мамлакатнинг катталари келармиш. Шунга шаҳарда паспорт режим кучайтирилган, дейишаяпти. Лекин биз Ўзбекистон фуқаросимиз-эй?! Пойтахтда прописканг йўқ, деб мелиса қувиб юрибди, камига жарима солаяпти, нима гап бу?! - дейди сурхондарёлик суҳбатдош.

Пойтахтликларга босим

Тошкентлик ёш талабалардан бири ҳам қарийб ой бошидан бери шаҳарда паспортсиз юриш имконсиз бўлиб қолганини айтади.

Бу суҳбатдошнинг таъкидича, ой бошидан бери, ҳатто, пойтахтликлар ҳам паспортсиз кўча-кўй, бозор-ўчарга бормасликка ҳаракат қилмоқда:

- Мен паспортни алмаштиришга топширдим ва ҳозир шу ҳақда Паспорт столи берган қоғозни олиб юрибман. Чунки, рейдга тушиб қолсангиз, тўғри отделга олиб кетаяпти. Шаҳарликмисиз, вилоятданмисиз - уларга фарқи йўқ. Пока, аниқлаштирилгунча оворагарчилик, ушлаб туришади, - дейди исмини ошкор қилмаётганимиз талаба.

Тошкентда юрган айрим вилоятликлардан олинган маълумотга кўра, паспортсиз ёки пойтахтда пропискаси йўқлиги учун қўлга олинганлар орасида 15 суткага ҳибсга олинаётганлари ҳам бор:

- Ўзимизнинг Сурхондарёдан иккита бола 15 суткадан ётиб ҳам чиқди, жаримаям тўлади. Чиқди-да, тўғри уйига кетди, бечоралар. Кетинглар, дейишди, прописка йўқ ҳозир, дейишди. Қаранг, ҳам пул ундираяпти, ҳам қамоғида сақлаяпти, ҳам уйига жўнатворяпти кейин, - дея қўшимча қилди Ўрол ака.

ИИВ тавсияси

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити шу йилнинг 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтади. ​Май ойи бошидан эса Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Вилоятлардан меҳмонга келганлар ва мардикорлик қилиб юрган фуқаролар пойтахтдан чиқарилмоқда. ​

Бу шикоятлар ортидан боғланган Озодлик мухбирига жавобан Тошкент шаҳар ИИБ ходими шаҳарга келаётган вилоятликлар шу кунларда вақтинчалик қайдга олинмаётганини тасдиқлади:

"Аслида вилоятдан келганлар 5 кундан 6 ойгача вақтинчалик қайдга туриши мумкин. Аммо ҳозир вақтинчалик қайд ёпиқ. Ўтган йили октябрдан бери очилгани йўқ. Яна 15-20 кунлардан кейин шаҳарга вақтинча қайдга туришга оид янги инструкция чиқади ва шундан кейин қайдга туриши мумкин. Ҳозир шаҳарда юрган вилоятликлар 15-20 кунга уйига бориб, оиласини кўриб келишсин!" деди исмини ошкор қилмаган ИИБ мулозими.

Бу мулозимдан олинган маълумотга кўра, Ўрол ака каби мардикорларга берилган "кафтдек қоғоз" ноқонунийдир.

"Вақтинчалик қайдга фақат паспорт столи қўяди. Паспорт столда давлат белгиси билан чиқарилган ва тартиб рақамига эга бўлган ҳужжат берилади. Бир ойга сўраса бир ой, икки ойга сўраса, 2 ойга қайдга қўяди. Лекин буни фақат паспорт стол ёки меҳнат биржалари беради, участковой бермайди. Агар кимгардир, участка нозир берган бўлса, ноқонуний. Пайшанба куни шаҳар ИИБга келишсин, аниқлаймиз", деди ИИБ ходими.

Саммитга тайёргарлик

Ўзбекистонда кейинги қарийб бир йил давомида ШҲТ саммити доирасидаги тадбирлар ўтадиган жойларда тайёргарлик ишлари давом этаяпти.

Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Урганч шаҳарларидаги олий ўқув юртлари талабалари ўқиши 20 кунга қисқартирилиб, 10 июндан таътил эълон қилинди. Расмийлар ўқув жараёнининг эрта тугатилиши ШҲТ саммити олдидан кўрилаётган хавфсизлик чоралари билан боғлиқлигини тасдиқлади.

30 май куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити пайти хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўқув машғулотларини ўтказаётгани маълум бўлди.

Машғулотлар боис, 28-29 май кунлари Тошкентнинг марказий кўчаларида ҳаракат чекланди.

XS
SM
MD
LG