Линклар

Ўшдаги ҳижобли аёллар қирғизистонликларни ташвишга солмоқда


Ўшда ўтган “Аёлларнинг ислом тарихидаги роли” анжуманидан олинган сурат. Фотосурат муаллифи:"Турмуш" сайти.

Ўшда ўтган “Аёлларнинг ислом тарихидаги роли” анжуманидан олинган сурат. Фотосурат муаллифи:"Турмуш" сайти.

Ўшда ўтган “Аёлларнинг ислом тарихидаги роли” анжуманида фақат ҳижобли аёллар ва қизларнинг иштирок этгани тўғрисидаги фотосуратларнинг Интернетга жойлаштирилиши ижтимоий тармоқларнинг қирғиз контентида катта шов-шув ва салбий фикрларга сабаб бўлди. Ижтимой тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги ўшлик аёлларнинг аксарияти ҳижобда юришини миллий хавфсизлик учун таҳдид сифатида баҳолади.

Ижтимоий тармоқларда Ўшда 27 май куни ўтказилган “Аёлларнинг ислом тарихидаги роли” анжуманидан олинган суратларнинг жойлаштирилиши ортидан юзага келган қизғин муҳокамаларда тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги ҳижобли аёлларга қарши фикр билдирди.

Уларнинг бири таниқли журналист Нарин Айип мана буларни айтди:

- Бу суратни кўриб ҳайрон қолдим. Бу Қирғизистонми ёки бошқа мамлакатми, деб ўйланиб ҳам қолдим. Нима, ҳижоб кийиб олсагина диндор бўлиб қоладими одам? Ҳижоб киймасдан ҳам дин билан яшаган, динни ҳурмат қилган, динни ислоҳ қилган одамлар борку. Одамлар Қуръоннинг ботиний моҳиятини тушунмасдан, зоҳирий жиҳатларигагина амал қилиб қолгани яхши эмас, - деди Нарин Айип.

Ижтимоий тармоқларда журналистнинг фикрига қўшилган кўплаб одамлар ҳижобли аёлларнинг кўпайиб бораётганини “миллий хавфсизлик учун хатар” сифатида талқин қилганлар. Айримлар эса ҳижобни қирғиз миллатининг урф-одатларига зид кўриниш сифатида танқид қилган. Ижтимоий тармоқларда ҳижобли аёллар суратига фикр билдирган юзлаб одамларнинг асосий қисми салбий сўзларни ёзиб қолдирган.

Бишкекдаги мусулмон аёлларнинг “Мутакаллим” уюшмаси раҳбари Жамал Фронтбек қизи ҳижобли аёллардан қўрқиш ва уларни хавфсизликка таҳдид сифатида билиш аҳолининг муайян қатлами орасида ислом дини ҳақида тушунчанинг йўқлигини англатади, деган фикрда.

-Қирғизистон аҳолисининг 80 фоиздан кўпроғи мусулмон. Бироқ 25 йилдан бери телеканалларимизда мусулмонлар ҳаёти акс этадиган бирорта ҳам телекўрсатув ташкил этилмади. Шунинг учун ҳам одамлар ҳижобли аёлларни кўрса, ҳаддан ташқари қўрқадиган бўлиб қолган. Ҳижобли аёллар қўлларида тўппонча кўтариб юришибдимики, улардан қўрқсак? Ислом динида аёллар ҳижоб кийиши айтилган. Шундай экан, нега бундан қўрқишимиз керак? - деди Жамал Фронтбек қизи.

Айни пайтда Қирғизистонда ҳижоб кийган аёллар худкуш террор ҳужумларини уюштираётгани, ҳижобли аёлларнинг кўпчилиги тақиқланган диний оқимларга қўшилиб кетаётгани ҳақидаги хабарлар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан матбуотга сиздирилади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининиг билдиришича, ўн йил аввал мамлакат ичкарисида фаолият юритаётган тақиқланган диний экстремистик гуруҳлар аъзоларининг 2 фоизи аёллар бўлган. Бугунги кунда эса тақиқланган диний оқимлар аъзоларининг 25 фоизини аёллар ташкил қилмоқда.

Бундан аввалроқ Жалолобод вилоятидаги тадбирлардан бирида мадрасада ўқиётган ҳижобли аёллар Давлат Гимни айтилаётган пайтда ўрнидан турмагани катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.Шундан сўнг мадраса раҳбарияти ишдан олинган.

XS
SM
MD
LG