Линклар

Қозоғистон: Чимкентлик пивофуруш бой давлат тўнтаришида айбланмоқда


Қозоғистон МХҚ вакили Руслан Карасев Остонадаги брифингда, 2016 йил 6 июни.

Қозоғистон МХҚ вакили Руслан Карасев Остонадаги брифингда, 2016 йил 6 июни.

Қозоғистон махсус хизматлари чимкентлик таниқли тадбиркор Тўхтар Тулешовни давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳозирланганини иддао қилмоқда.

Бу ҳақда Остонадаги Бош прокуратура биносида ўтган брифингда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати вакили Руслан Карасев билдирди.

“Терговда жаноб Тулешов аввал тайёргарлик ишларини олиб боргани, ўтган йилдан бошлаб эса ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳозирлик бўйича конкрет қадамлар қўйгани ҳақида маълумотлар бор. Унинг ҳаракат режасида таранглик ўчоқларини барпо қилиш, норозилик тадбирлари ва оммавий тартибсизликларни уюштириш йўли билан мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш кўзда тутилган”, деди Миллий хавфсизлик қўмитаси масъули Карасев.

“Шимкентпиво” ширкати эгаси Тўхтар Тулешов шу йил январь ойи охирида қўлга олинганди. У жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштирганлик ва гиёҳванд модда сақлаганликда гумонланиб, ҳибс этилганди. Унгача Тулешов “Террор таҳдидини таҳлил қилиш маркази” жамоатчилик ташкилотига ҳам етакчилик қилган.

Чекист Карасев иддаосича, Тулешов Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар қабатида “альтернатив ҳукумат” тузиш ва амалдаги ҳокимият структурасини ўзгартиришни режалаб юрган.

МХҚ вакили шу кунларда Тулешовга шерикликда гумонланган бир неча собиқ амалдор ҳам ҳибсга олинганини билдирди. Тергов ҳибсхонасига олиб келинганлар орасида Қозоғистон бош прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Иляс Бахтибаев, Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаментининг собиқ бошлиғи, генерал-майор Доскалиев ва бошқа собиқ мулозимлар бор.

Миллий хавфсизлик қўмитаси вакили мазкур иш бўйича Мудофаа вазирлиги “Жануб” минтақавий қўмондонлигига қарашли 35748 ва 55653-ҳарбий қисмлар раҳбарлари ҳам қўлга олинганини қўшимча қилди.

Тўхтар Тулешов кенг жамоатчиликка бундан 10 йиллар муқаддам танила бошлаган. У ўзини нафақат "Шимкентпиво" заводи эгаси бўлган бой одам, балки маданият ва санъат ҳомийси, журналист ва терроризм масалаларида эксперт қатори ҳам танита бошлаган.

2010 йили YouTube порталида Тулешовнинг таваллуд куни тантаналари акс этган видео ёйинланган. 2009 йилда тасвирга олинган бу видеода бошқа меҳмонлар орасида Тулешов билан илиқ муносабатда экани аён бўлган ўзбекистонлик криминал авторитет Ғафур Раҳимовни ҳам кўриш мумкин эди. Бу видео тарқалгач, маълумотларга кўра, Тўхтар Тулешов ва маҳаллий тартиб посбонлари ўртасида таранглик юзага келган. Шундан сўнг Тулешов кўп вақтини Россияда ўтказа бошлаган. Унинг терроризм билан кураш бўйича экспертлик фаолияти ҳам ўша пайтда "гуллаб-яшнаган".

Чимкентлик пиво қироли Тўхтар Тулешов Қозоғистонда рус тили ва маданияти ҳимояси учун қилган чиқишлари билан ҳам Москванинг эътиборига тушган.

XS
SM
MD
LG