Линклар

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаолларининг президент Атамбаевга қарши суди кейинги ҳафтага қолдирилди


Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Тўлеқан Исмоилова (ў) ва Азиза Абдирасулова (ч).

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Тўлеқан Исмоилова (ў) ва Азиза Абдирасулова (ч).

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Тўлеқан Исмоилова ва Азиза Абдирасуловаларнинг президент Атамбаевга қарши берган даъво аризаларини суд 15 июнь куни кўриб чиқишда давом этади.

8 июнь куни бошланган маҳкамада “Қилим шами” ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова президент Атамбаевдан кечирим сўрашни ва маънавий зарар ўлароқ 10 миллион қирғиз сўми (қарийб 147 минг доллар) тўлашни талаб қилди. Президент узр сўраши лозимлигини таъкидлаётган “Бир дунё – Қирғизистон” ташкилоти раҳбари Тўлеқан Исмоилова эса аввалроқ суддан маънавий зарар сифатида Атамбаевдан 2 миллион сўм (29 минг доллардан кўпроқ) ундириб беришни сўраган.

Ҳуқуқ фаоллари ва президент ўртасидаги бу келишмовчиликка Атамбаевнинг 14 май - Оналар куни байрамини нишонлаш чоғида сўзлаган нутқи сабаб бўлган. Ўшанда Қирғизистон президенти ҳуқуқ фаолларига “ўзининг хориждан олган грантларини оқлаётганлар” дея таъриф берганди.

Исмоилова ва Абдурасулова раҳбарлик қилаётган ташкилотлар қирғиз расмийларини 2010 йили мамлакат жанубида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги этник тўқнашувларга алоқадор қатор жиноий ишларни қайтадан кўриб чиқмаётгани учун танқид қилиб келади.

Тўлеқан Исмоилованинг ташкилоти ўтган ой расмийларнинг Азимжон Асқаров уйини тортиб олишга қаратилган ҳаракатини ҳам кескин қоралаган.

Этник зўравонликларга алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Азимжон Асқаров ўзига нисбатан чиқарилган ҳукм сиёсий важларга асосланганини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG