Линклар

Халқаро рейтинг: Ўзбекистон тинчлик-осойишталик бўйича дунёда 109-ўринда


Тинчликсеварлик рейтингида постсовет ўлкалари эга бўлган ўринлар.

Тинчликсеварлик рейтингида постсовет ўлкалари эга бўлган ўринлар.

Сиднейдаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган Global Peace Index (Жаҳон тинчликсеварлик кўрсаткичи) да Ўзбекистон бу йил дунёдаги 162 мамлакат орасида 109-ўринни эгаллади.

2015 йили мазкур рейтингда Ўзбекистон 113-ўринда, 2014 йили эса 104-ўринда бўлган. Демак, Ўзбекистонда тинчлик-хотиржамлик даражаси ўтган йилгидан яхшироқ, икки аввалгидан эса ёмонроқдир.

Ўзбек расмийлари анча йиллардан бери мамлакатдаги тинчлик-осойишталикни ўзларининг энг катта муваффақияти ўлароқ тақдим этиб келадилар.

“Жаҳон тинчликсеварлик кўрсаткичи”даги маълумотлардан келиб чиқилса, Ўзбекистондаги осойишталик даражаси ҳатто ўз қўшнилари бўлган Қозоғистон (75-ўрин) ва Туркманистондагидан (106-ўрин) ёмонроқ. Айни пайтда Ўзбекистондаги тинчликсеварлик вазияти 122-ўриндаги Тожикистон ва 124-ўриндаги Қирғизистондан яхшироқ экани қайд этилади.

Бу йилги Global Peace Index бўйича Исландия, Дания, Австрия, Янги Зеландия ва Португалия дунёдаги энг тинч ва осойишта мамлакатлар, дея топилган. Айни пайтда 5 йилдан буён уруш олови сўнмаётган Сурия, рейтинг муаллифларига кўра, шу кунда дунёдаги энг хавфли мамлакат бўлиб қолмоқда.

Мазкур рейтинг мамлакатдаги зўравонлик ва жиноятчилик даражаси, қуролланиш ва мудофаа харажатлари, қўшни давлатлар билан муносабатлар, мамлакатда қуролли зиддият мавжуд ёки эмаслиги, қочқинлар фоизи ва расмийларнинг инсон ҳақларига риоя қилиши дохил 23 кўрсаткич бўйича тузилган.

XS
SM
MD
LG