Линклар

УЕФА Марселдаги зўравонликлар юзасидан текширув бошлади


Хабарларга кўра, Англия-Россия учрашуви ортидан рус футбол фанатлари инглизларга ҳамла қилганлар

Хабарларга кўра, Англия-Россия учрашуви ортидан рус футбол фанатлари инглизларга ҳамла қилганлар

11 июнь куни Франциянинг Марсель шаҳрида Россиялик футбол ишқибозлари инглиз футбол фанатларига ҳужум қилди.

Зўравонликлар Евро-2016 чемпионатида Англия ва Россия миллий жамоалари ўртасида Велодром стадионидаги учрашув 1:1 ҳисобида якунланиши ортидан юз берди.

Хабарларга кўра, россиялик фанатлар панжаралардан ошиб ўтиб, стадионда бўлган Англия жамоаси мухлислари устига ташланганлар.

11 июнь тунида УЕФА баёнот тарқатиб, зўравонликлар юзасидан текширувлар бошлагани ва ҳужумлар туфайли Россия жазога тортилиши мумкинлигини билдирди.

УЕФА идорий кенгаши аъзолари Россия футбол ишқибозлари иштирокидаги аввалги зўравонликларни ҳам инобатга олиши мумкин.

Польшада бўлиб ўтган Евро-2012 чемпионатида рус футбол фанатлари стадионда тартибни сақлашга масъул ходимларга ҳамла қилганди.

УЕФА ўз баёнотида “Марселдаги ҳодисаларни қатъиян қоралаши” ва “зўравон амалларга аралашган инсонларга футболда жой йўқлиги”ни билдирди.

Француз медиаси хабарларига кўра, Франция жанубидаги Ницца шаҳрида ҳам 11 июнь оқшомида Шимолий Ирландия жамоаси тарафдорлари ва маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашувлар юз берган.

Хабарлардан маълум бўлишича, полиция аралашган мазкур тўқнашувларда етти киши жароҳат олган.

Марсель шаҳрида ўтган икки кун ичида Россия, Англия ва Франция жамоалари тарафдорлари ўртасида бир неча тўқнашув қайд этилганди.

Франция полицияснинг маълум қилишича, 11 июнь куни Марселнинг турли нуқталарида футбол матчидан олдин юз берган тўқнашувларда камида беш киши жароҳат олган ва олти киши ҳибсга олинган.

Полиция ҳибсга олинганлар ва яраланганлар шахси ва фуқаролигини ошкор этмади.

12 июнь куни француз газеталари Марселдаги тўқнашувларда 35 киши жароҳат олгани ва улардан тўрт нафарининг аҳволи оғир экани ҳақида хабар тарқатди.

XS
SM
MD
LG