Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:40

Обама Орландо гей клубидаги қирғинни "террор ҳаракати" деб атади


Орландо полицияси Умар Матин бостириб кирган клуб олдида.
Орландо полицияси Умар Матин бостириб кирган клуб олдида.

АҚШ Федерал Тергов бюросининг билдиришича,Флорида штати Орландо шаҳридаги гей клубга ҳужум қилган Умар Матин ҳужум олдидан полицияга телефон қилиб, “Исломий давлат” гуруҳига байат бергани ҳақида айтган. Якшанбага ўтар кечаси Умар Матин гей клубга ҳужум қилиб, 50 одамни отиб ўлдирган эди. Бу АҚШ яқин тарихида 2001 йилда Нью-Йоркка қилинган террор ҳаракатидан кейинги энг қонли воқеа бўлди.

"Ҳар қандай америкаликка қилинган ҳужум барча америкаликларга қаратилган ҳужум”дир

Ота-онаси Афғонистондан бўлган 29 ёшли Умар Мир Сиддиқ Матин Флорида штати Орландо шаҳридаги Pulse гей клубига ҳужум қилганидан уч соат ўтиб, полиция томонидан отиб ўлдирилди.

Орландо гей клубида ҳалок бўлганларнинг яқинлари.
Орландо гей клубида ҳалок бўлганларнинг яқинлари.

Президент Барак Обама клубга қилинган ҳужумни “нафрат ҳужуми” ва “террор ҳаракати” деб атади.

- Бу террорчилик ҳаракати ва нафрат акти бўлди. Америкалик сифатида биз бу оғир дамларда бирдаммиз ва ўз халқимизни ҳимоя қилиш ниятида қатъиймиз, - деди Барак Обама.

АҚШ президентига кўра, ҳукумат тузилмалари мазкур воқеа юзасидан барча фактларни ўрганаётир, аммо ҳозирча ҳужумнинг асл мотивлари мавҳум бўлиб қолмоқда.

Обама “ирқи, миллий, диний мансублиги ёки жинсий ориентасиясидан қатъий назар ҳар қандай америкаликка қилинган ҳужум барча америкаликларга қаратилган ҳужум” сифатида баҳоланишини айтди.

“Исломий давлат” гуруҳига мойил бўлган Amaq агентлиги Орландодаги гей - клубга қилинган ҳужум учун масъулитятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олгани ҳақида хабар тарқатди.

Ситора Юсуфий: Матин зўравонликка мойил эди

Аввалроқ АҚШ терговчилари Матин “Исломий давлат” ёки бошқа халқаро террор гуруҳига мансублиги ҳақида ҳеч қандай далиллар топилмаганини билдирган эди.

Умар Матин
Умар Матин

Сенатор Билл Нельсон 12 июнь куни CBS каналига берган суҳбатида Матин радикаллашган шахс бўлганини айтди:

- Мен разведка ходимларидан бу маълумотни текширдим ва улар “Исломий давлат” билан қандайдир алоқадорлик бор, деб ҳисоблашларини айтишди. Лекин мен бу расмий версия эмаслигини айта оламан, - деди Билл Нельсон.

Афғонистонлик иммигрантларнинг фарзанди бўлган Умар Матин Нью-Йоркда туғилган ва кейинчалик ота-онаси билан Флоридага кўчиб ўтган. Флоридада иккита коллежни, жумладан, суд ҳуқуқи соҳасини битирган Умар Матин 2007 йилдан бошлаб хусусий қўриқлаш ширкатларидан бирида ишлаган.

Матин 2009 йилнинг мартида Ўзбекистонда туғилиб, кейинроқ АҚШга кўчиб ўтган Ситора Алишерзода Юсуфийга уйланган. 2011 йилда эса улар ажрашган.

Ситора Юсуфий Washington Post газетасига берган суҳбатида уларнинг ажралишига Умар Матиннинг зўравонликка мойиллиги сабаб бўлганини айтган. Юсуфийга кўра, Умар Матин уни ишдан уйга келибоқ турли баҳоналар топиб мунтазам каклтаклаб келган.

Сиддиқ Матин ўғлининг қотиллиги учун америкаликлардан узр сўради

Флорида штатидаги Форт-Пирс шаҳри масжиди имоми Шафиқ Раҳмон Washington Post газетасига Умар Матин отаси ва ўғли билан масжидга келишни канда қилмаганини айтган.

“Матин жуда камгап, ҳеч ким билан ҳеч қачон гаплашган эмас. У келиб намозини ўқир ва индамай кетар эди. У бундай зўравонликни амалга ошириши мумкинлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган”, деб билдирган имом.

Орландо клубида яраланганлар олиб келинган шифохона олдида.
Орландо клубида яраланганлар олиб келинган шифохона олдида.

Умарнинг отаси Сиддиқ Матин эса ўғлининг гей –клубга бостириб кириб, одамларни ўлдиришига диний мотивлар эмас, балки гомосексуалларга қарши шахсий нафрат сабаб бўлган, деб ҳисоблайди.

Сиддиқ Матиннинг айтишича, бир неча ой аввал Умар Майамида уч яшар ўғли билан кетаётганида одамлар кўз ўнгида ўпишаётган икки эркакни кўриб қолган ва жуда ғазабланган.

“Биз бўлиб ўтган воқеа учун узр сўраймиз. Биз ҳам барча америкаликлар каби шок ҳолатидамиз”, деди Сиддиқ Матин NBC News каналига берган суҳбатида.

Матин ФБР кузатувида бўлган

Федерал Тергов бюроси агенти Рональд Хоппер Умар Матин махсус хизматлар кузатувида бўлгани ва икки марта қўлга олиниб, кейин қўйиб юборилганини айтди.

Биринчи марта Умар Матин2013 йилда, иккинчи марта 2014 йилда террорчиларга мойилликда гумонланиб суҳбатга чақирилган. Аммо суҳбат пайтида унинг жамият учун хавфсиз экани аниқланиб, қўйиб юборилган.

12 май куни Флорида штати Орландо шаҳридаги тунги гей-клубга қурол билан бостириб кирган Умар Матин 50 кишини ўлдирган. Орландо ҳокими Бадди Дайер 12 июнь соат эрталабки иккида бошланган отишмада яна 53 киши шифохонага ётқизилганини айтган.

Умар Матин Флориданинг Порт Сэйнт Луис шаҳрида яшаган.

XS
SM
MD
LG