Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:03

SIPRI: АҚШ ва Россия ядровий арсеналини аста-секин озайтирмоқда


Россиялик полициячи Ғалаба паради ҳозирлигида иштирок этаётган Тополь-М қитъалараро баллистик ракетаси олдида турибди, Москва, 2008 йил 5 майи.
Россиялик полициячи Ғалаба паради ҳозирлигида иштирок этаётган Тополь-М қитъалараро баллистик ракетаси олдида турибди, Москва, 2008 йил 5 майи.

Қароргоҳи Швецияда бўлган илмий марказнинг билдиришича, АҚШ ҳамда Россия ўз ядровий арсеналини озайтирмоқда, аммо бир вақтнинг ўзида ядровий техникасини замонавийлаштирмоқда.

Стокгольмдаги тинчлик масалалари бўйича халқаро тадқиқот институти (SIPRI) 13 июнь куни эълон қилган йиллик ҳисоботда 2016 йил бошида бир йил аввалга солиштирганда ядровий қуролга эга тўққиз мамлакатдаги каллаклар сони 455 донага камроқ бўлгани айтилади.

Ҳисоботда ёзилишича, 2016 йил бошида АҚШ, Россия, Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ҳамда Шимолий Кореяда умумий ҳисобда 15 395 каллак қайд этилган бўлиб, уларнинг 4 120 донаси иш ҳолатида бўлган.

2015 йилнинг бошида каллакларнинг умумий сони 15 850 ни ташкил қилган.

Ҳисобот тадқиқотчилари Шеннон Кайл ва Ханс Кристенсеннинг ёзишича, дунёдаги ядровий қурол инвентарлари 1980-йиллар ўртасидан бери озайиб келаяпти. 1980-йиллар ўртасида каллаклар сони рекорд 70 000 га етган эди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, каллаклар сонининг озайишига АҚШ ва Россиядаги қисқартиришлар сабаб бўлган.

Аммо Кайл ва Кристенсеннинг ёзишича, АҚШ ва Россиянинг ядровий қуроллар сонини озайтириш сурати ўн йил аввалга солиштирганда сустлашмоқда. Қолаверса, 2011 йил кучга кирган “Янги СТАРТ” шартномасига қарамасдан, АҚШ ҳам, Россия ҳам стратегик ядровий кучларини қисқартиргани йўқ.

SIPRI ҳисобларига кўра, йил бошида Россиядаги каллаклар сони 7 290 ни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич АҚШда 7 000 га тенг бўлган.

Ташкилотга кўра, АҚШ ва Россиядаги каллаклар ер юзидаги ядровий қуролларнинг 93 фоизини ташкил қилади.

Францияда 300, Хитойда 260, Британияда 215, Покистонда 110-130, Ҳиндистонда 100-120, Исроилда 80, Шимолий Кореяда 10 та ядровий қурол борлиги айтилади.

SIPRI ҳисоботида “Ядровий қуролга эга давлатларнинг бирортаси ҳам яқин келажакда ўз ядровий арсеналидан воз кечишни истамайди” дейилади. Москва ва Вашингтон эса ўз ядровий қуролларини замонавийлаштириш учун катта миқдорда маблағ сарфламоқда.

Ҳиндистон ядровий қурол ташувчи ракеталарини кучайтирмоқда, плутоний ишлаб чиқаришни тезлатмоқда. Ҳиндистоннинг ҳудуддаги рақиби Покистон эса жанг майдонида ишлатиш мумкин бўлган ядровий қуролларни ишлаб чиқмода.

SIPRI ҳисоботида Покистоннинг ядровий арсенали кейинги ўн йил ичида анча кўпайиши мумкинлиги айтилган.

Ҳисобот муаллифлари дунё бўйлаб ядровий қуроллардан чинакамига воз кечилишига ҳали умид оз, дея хулоса қиладилар.

Ҳисобот очиқ манбаларга, жумладан, ҳукуматлар ҳамда Атом энергияси халқаро агентлигидан олинган маълумотларга таянган ҳолда ёзилган.

SIPRI тадқиқотчилари ядровий қуролга эга давлатларнинг кўпчилиги маълумот беришга ошиқмаганини айтишди.

Институт ходимлари 2006 йилда илк ядровий синовларни ўтказган Шимолий Корея ишлайдиган ядровий қурол яратганини ёки иш ҳолатига келтирганини аниқлай олмаган.

XS
SM
MD
LG