Линклар

Қирғизистонда парламентнинг собиқ депутати, ҳозир эса мухолифат фаоли бўлган Дастан Сариғулов қўлга олинди. Ёши 70 ни қоралаган мухолифатчи айни пайтда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига қарашли вақтинча сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилибди.

Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, Сариғулов ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга ҳозирлик кўрганликда айбланаётган қатор шахсларга оид жиноят иши тергови доирасида янги ҳолатлар аниқланиши муносабати билан ушланган. Аввалроқ бу иш бўйича мухолифатчилар Бектур Асанов, Қубаничбек Қадиров ва Эрнест Қарибеков ҳибсга олингандилар.

Дастан Сариғуловга коррупция бўйича айблов ҳам қўйилиши мумкин. Озодликнинг қирғиз хизматига кўра, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов бошқармаси “Қумтор” лойиҳаси бўйича жиноят иши доирасида “Камеко”, “Қумтор Оперейтинг”, “Қумтор голд”, “Центерра Голд” ширкатлари собиқ президенти Леонард Хоменюкнинг аризасини кўриб чиқаяпти. Унда аризачи “Қумтор” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишларни 1992-1999 йиллар оралиғида Қирғизистон томонидан бошқарган “Қирғизолтин” компанияси собиқ президенти Дастан Сариғулов фаолиятидаги коррупция фактлари юзасидан кўрсатма берган.

XS
SM
MD
LG