Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:52

Ақтўбе: Аксилтеррор амалиёти якунланди, бироқ саволлар жавобсиз қолмоқда


Ақтўбеда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари хотирасига қўйилаётган гуллар.
Ақтўбеда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари хотирасига қўйилаётган гуллар.

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида бир ҳафта давом этган аксилтеррор амалиёти якунланди. Мазкур шаҳарда 5 июнь куни ўнлаб номаълум шахслар томонидан қурол-яроқ дўкони ва ҳарбий бўлинмага қуролли ҳужум содир этилган эди. Бир ҳафта давом этган аксилтеррор амалиёти пайтида 18 террорчи йўқ йўқ қилинди. Аммо бу воқеа билан боғлиқ кўплаб саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Ақтўбеда 5 июндаги ҳужумни содир этганларга қарши сўнгги амалиёт хавфсизлик кучлари ва ҳужумчилар отишмаси билан якунланди. Қуролланган шахс яширинган уйдан яшовчилар эвакуация қилинди ва ҳужумчи мазкур уйда яшовчиларнинг кўз ўнгида хавфсизлик кучлари ходимлари билан анчагача отишиб турди.

Сўнгги аксилтеррор амалиётига гувоҳ бўлган Камажай Курмангалиева мана буларни айтди:

- У полиция ходимлари билан отишма пайтида уларга қарата анча гапларни айтди. Унинг бир сўзи эшитилса, иккинчи сўзи эшитилмай қолди. “Одамларга тегмайман, сизлар чиқа беринглар. Сизларда ҳеч қандай гуноҳ йўқ”, деганини аниқ эшитдим. Кейин эса “Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар”, деганини эшитдим. Қолган гапларини тушунмадим.

Ақтўбеда бир ҳафта давом этган аксилтеррор амалиёти пайтида 18 террорчи йўқ йўқ қилинди.Террорчиликда гумонланган 9 одам ҳибс этилди. Ҳужумлар пайтида террорчилардан ташқари маҳаллий аҳоли вакилларидан тўрт ва ҳарбийлардан уч киши ҳалок бўлди. Бу амалиёт Қозоғистонда ўтказилган биринчи энг йирик аксилтерроро операцияси бўлди.

Бироқ қозоқ полицияси ҳозирча жамоатчиликни қизиқтираётган саволларни эътиборсиз қолдириб келмоқда. Маҳаллий журналист Дмитрий Матвеев аксилтеррор амалиёти борасида маълумотнинг чеклангани саволларни янада кўпайтираётганини билдирди:

- Бугунги кунда ҳукумат халққа “Булар жиноятчилар, радикаллар, ваҳобийлар, бузуқ диний оқимлар”, деган гапларни айтиб, аҳолини мана шунга ишонтирмоқчи бўлаяпти. Ҳукумат гўёки вазиятни тушуниб турган каби кўринаяпти, айни пайтда ҳукумат халқдан бир нарсани яшираётгандай таасуротлар пайдо бўлмоқда.

5 июндаги хавфсизлик кучлари билан отишма пайтида ҳалок бўлган Дархан Койшинни унинг онаси Зауреш Койшина Интернетга жойлаштирилган видеода кўриб қолган. У шу кунгача ўғлининг жасадини оломаётгани ҳақида гапиради:

- Мен видеода унинг ҳар томонга аланглаб, қочиб бораётганини кўрдим. Балки уни бировлар мажбурлаб ўша ерга олиб борганмикин, деган гаплар ҳам ҳаёлимдан ўтди. Бошқа ҳеч нарса билмайман. Мен шу билан иккинчи ўғлимдан ажралдим. Биринчи ўғлим 12 йил аввал йўқолиб қолган эди. Бу ишларнинг барчасида кимни айблашни ҳам билмайман. Энди унинг фарзандларини оёққа турғазишим керак.

Зауреш Койшинанинг айтишича, Дархан 5 июндаги воқеагача соқол қўйгани учун ҳеч қандай ишга ўрнаша олмаган, шунинг учун у онда-сонда топиладиган ишларни бажариб, оила тебратган.

Дархоннинг ортида уч фарзанди қолди. У намоз ўқишни 10 йил аввал бошлаган экан. Дархон уйининг деворларига ҳам Қуръон оятларини ёздирган.

Дархоннинг рафиқаси турмуш ўртоғини террорчи, деб ҳисобламаслигини айтди:

-Агар у ҳақиқатан ҳам террорист бўлса, нега уни автобусда қўлга олибоқ портлатиб юборишмади? Уларнинг барчасини ўша заҳотиёқ отиб ташлашар эди. Улар террорчи эмас. Бўлди, хайр!

5-6 июнь кунлари Ақтўбедаги иккита қурол сотувчи дўкон ва Миллий гвардия биносига 30га яқин одам ҳужум қилган эди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мазкур ҳужумдан сўнг қозоқ халқига мурожаат қилиб, террорчиларга "ўлим жазоси" беришга чақирди. 9 июнь куни эса Қозоғистонда миллий мотам куни сифатида эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG