Линклар

logo-print

АҚШ ҳарбий учоқларни сотмагач, Покистон уларни Иорданиядан сотиб олмоқчи


Покистон Иорданиядан ишлатилган F-16 қирувчи учоқларини сотиб олишни режалаштирмоқда. Бундан аввал мамлакат АҚШдан саккизта F-16 сотиб олмоқчи бўлган эди, аммо Конгресс бунга қарши чиққанидан кейин бу режа амалга ошмади.

14 июнь куни журналистлар олдида чиқиш қилган Покистон ҳукуматининг ташқи ишлар бўйича етакчи маслаҳатчиси Сартаж Азиз Покистон АҚШдан F-16 сотиб олиш режасидан воз кечишини айтди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янада совушига сабаб бўлиши мумкин.

Покистонда ҳозирда 70 га яқин F-16 учоғи бўлиб, уларнинг айримлари яроқсиз ҳолатга келган. Мамлакат расмийлари Покистоннинг Афғонистонга яқин жойларидаги тоғли ҳудудларда исломий жангариларга қарши курашда бундай учоқлар муҳим роль ўйнашини айтмоқда.

Покистон армияси Ҳиндистон билан уруш чиқадиган бўлса, бу учоқлар қўл келишига ишонади. Покистон ҳам, Ҳиндистон ҳам ядровий қуролга эга. 1947 йил Британиядан мустақил бўлган ушбу икки мамлакат ўртасида уч марта уруш бўлган.

Покистон матбуоти тарқатган хабарларга кўра, 13 июнь куни сенатнинг мудофаа ҳамда ташқи ишлар қўмиталари йиғинида қатнашган мудофаа вазирлиги етакчиси Алам Хаттак “Биз эндиликда F-16 ларни учинчи тарафлардан олмоқчимиз, бизга [аллақачон] Иорданиядан таклиф келиб тушди”, деган.

Dawn газетасининг хабар беришича, Иордания Покистонга 16 та ишлатилган Block-30 модификациясидаги учоқни сотишни таклиф қилган. АҚШ билан эришилган шартнома бекор қилинмаганида Покистон Block-52 модификациясидаги янгироқ F-16 учоқларини олган бўлар эди.

АҚШ билан эришилган келишув 699 миллион доллар қийматга эга эди. АҚШ Конгресси мамлакат ҳукумати ажратган маблағлар ёрдамида ҳарбий савдолар учун қарз берилишга қарши чиққанидан кейин шартнома бекор қилинди.

Конгресснинг бу қарорига Сенатнинг ташқи ишлар қўмитаси раиси, сенатор Боб Коркернинг Покистондан толиблар каби жангари гуруҳларга бошпана бўлишни бас қилишни талаб қилгани сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG