Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:56

Тошкент ёпилиши ҳақида матбуотга хабар сиздирган ИИВ зобити ишдан бўшатилди


ШҲТ саммити пайтида Тошкентнинг бутунлай беркитилиши ҳақидаги хабар шаҳарда ваҳима уйғотган эди
ШҲТ саммити пайтида Тошкентнинг бутунлай беркитилиши ҳақидаги хабар шаҳарда ваҳима уйғотган эди

23-24 июн кунлари Тошкентда ўтажак Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити пайтида Ўзбекистон пойтахтининг кириш ва чиқиш йўллари бутунлай беркитилиши ҳақида матбуотга хабар сиздирган милиция зобити ишдан бўшатилди.

Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистондаги қатор веб-сайтлар ШҲТ саммити олдидан Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, одамларнинг пойтахтга кириши ва чиқиши 16 июндан бошлаб вақтинчалик тўхтатилишини ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб маълум қилганди.

Хабарларда бундай чораларни қўллаш қарори хавфсизликни таъминловчи хизматлар тавсияси билан олингани билдирилди.

Озодликнинг Ички ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, ушбу хабарлар тарқалганидан икки кун ўтиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси ходими (исм-фамилияси Озодликка маълум - таҳр.) ишдан бўшатилган.

Манбанинг айтишича, майор рутбасидаги милиция ходими "гўёки ёлғон хабарни" тарқатишда айбдор, деб топилган.

"Оммавий ахборот воситаларида саммит пайтида Тошкент ёпилади, деган гаплар чиққандан кейин ҳамма жойда ваҳима кучайиб кетди. Айниқса, социал тармоқларда одамлар ёза бошлашди. Россия матбуоти ҳам бунга диққат қаратди. Бу МВДга рақиб бўлган қўшни идорани (Миллий хавфсизлик хизмати назарда тутилаяпти – таҳр.) чўчитиб юборди шекилли, бизнинг ходимни, айбини бўйнига илиб, бир кунда ишдан бўшаттиришди. У гўёки ёлғон хабарни тарқатибди”, деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси.

Веб сайтларга босим

Ички ишлар ходими ишдан олиниши баробарида ШҲТ саммити арафасида Ўзбекистонда кўрилаётган хавфсизлик чоралари ҳақида хабар ва мақолалар битган маҳаллий веб сайтлар масъуллари Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига чақиртирилиб, огоҳлантириш олган.

Маҳаллий веб сайтлардан бирига муҳаррирлик қилувчи Озодлик манбасига кўра, баъзиларга ШҲТ саммити ҳақида умуман мақола ёзмаслик буюрилган бўлса, баъзиларга саммит арафасида Тошкент ёпилиши ҳақидаги хабарларни рад этиш талаб қилинган.

Тошкентнинг ёпилгани ҳақидаги хабарни берганимиздан бир кун ўтиб бизни УЗАПИга (Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги – ЎМААнинг русча аббревиатураси – таҳр.) чақиртиришди. Роса гап эшитдик. Саммит пайтида Тошкентнинг ёпилиши ҳақидаги хабарни қайта нашр этганмиз холос, десак ҳам, қулоқ солишмади. Саммит ҳақида умуман ёзманглар, деган буйруқ бўлди,” деди UZ доменида қайд этилган веб сайт муҳаррири.

Унинг қўшимча қилишича, агентлик ходимлари буйруққа бўйсунмаганларнинг веб саҳифаларини беркитиш билан огоҳлантирган.

"Идеологик хуруж"

2002 йилда таъсис этилган ЎМАА оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик фаолияти ҳамда даврий нашрларни тарқатиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи бошқарув органи ҳисобланади.

Аммо, ЎМАА собиқ ходимининг Озодликка билдиришича, агентликнинг асосий вазифаси “давлат идеологиясини ҳимоя қилиш ва уни амалда татбиқ этишдир”.

Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот Агентлиги, вазир даражасига тенглаштирилган раис томонидан бошқарилади. Ушбу ташкилотнинг асосий вазифаси мамлакатда цензура, давлат идеологиясини ҳимоя қилиш ва уни амалга татбиқ этишдир. Республика ҳудудидаги барча оммавий ахборот воситаларида идеологик хуружларнинг олдини олиш ва матбуотнинг бевосита назоратини амалга оширади,” деди ЎМАА собиқ ходими.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Тошкентнинг ёпилиши ҳақидаги хабарни "идеологик хуруж" сифатида баҳолаган бўлиши мумкин.

"Буни президент аппарати талаб қилган бўлиши керак.Чунки, Озодлик ва бошқа ОАВлар бу ҳақда тинмай ёзишди-ку. Шуни идеологик хуруж сифатида малакалашган шекилли", деди ЎМАА собиқ ходими.

XS
SM
MD
LG