Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:38

Россияда уй-жой сотиб олаётган ўзбеклар сони кўпаймоқда


Россияда кўчмас мулк сотиб олишга пул сарфлаётган ўзбекистонликлар сони кескин ошди. Сўнгги олти йил давомида Россияда ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олган хорижликлар умумий сони 5 баробардан кўпроққа кўпайгани қайд этилди. Мутахассислар бу тенденцияни қатор сабаблар билан изоҳламоқда.

“ДельтаСервис” банки мутахассислари ҳисоб-китобича, Россиядан уй сотиб олганларнинг ярмидан кўпини Белоруссия (45%) ва Украина (19%) фуқаролари ташкил этди. Россия Федерациясида кўчмас мулк сотиб олаётган ўзбекистонликлар сони ҳам йилдан йилга ошиб бораётгани қайд этилди: ўзбеклар 6 фоизлик кўрсаткич билан ипотекачи-хорижликлар рўйхатида қозоғистонликлардан кейин (7%) 4 ўринни эгаллади.

“ДельтаСервис” банки матбуот котиби Илья Александров олиб борилган статистика тадқиқотларида Россияда даромади ошиб бораётган хорижлик мутахассислар сони кўпайиб бораётгани қайд этилганини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Илья мамлакатнинг оғирлашиб бораётган ички иқтисодий вазиятида айрим банклар шу тариқа пулдор хорижликлар ҳисобига ўз муаммоларини ҳал этишга уринаётганини билдирди.

- Бизга одамнинг фуқаролиги, паспорти қизиқ эмас, энг асосий шартимиз – у Россияда ишлаб пул топаётгани, даромадини тасдиқлаб бера олишидир. Кейин, улар охирги 2-3 йилда Россияда яшаган бўлиши шарт. Россияда ипотека кредитларига кўчмас мулк сотиб олаётганларнинг аксар қисмини МДҲ давлатлари фуқаролари ташкил этмоқда. Ҳисоб-китобларимиздан аниқландики, биз кредит бераётган ҳориж фуқароларининг ўртача даромади 90 минг рублни ташкил этади. Улар йирик мутахассислар ва бошқарувчилар, топ-менежерлар ва сармоядорлар экани маълум, деди Илья Александров.

Ильяга кўра, Россияда катта даромад олаётганлар чакана ва улгуржи савдо, қурилиш, ИТ-компаниялар, тиббиёт ва умумий овқатланиш ширкатлари мутахассисларидир.

Аниқланишича, 2009 йилда Москвада берилган ипотека кредитларининг умумий ҳажмидан 1,3 фоизгина хорижликлар улуши бўлган. 2015 йилда бу кўрсаткич 6,3 фоизни ташкил этди.

“ДельтаСервис” мутахассислари тақдим этган ҳисоботда Ўзбекистондан кейинги ўринларни Молдавия (4%), Озарбайжон (2%), Туркия (2 фоиз), Арманистон (2%) эгаллаганини кўриш мумкин.

Мутахассислар фикрича, Россия пойтахтида хорижликлар учун ётоқ ва квартиралар ижараси қимматга тушаётгани уларни хусусий мулкка бўлган қизиқишини оширган.

Бироқ, банклар хориж фуқароларига жуда қаттиқ шубҳа билан қараши ҳам ҳеч ким учун сир эмас. Россия қонунчилиги бошқа давлат фуқароларига кредит беришни тақиқламаган бўлсада, банклар қарз олган хорижлик қаллоб бўлиши, ипотека пулларини олиб, жуфтакни ростлаб қолиши мумкинлигидан хавфсираб келади.

RDI компаниясининг ипотека бўлими мутахассиси Султан Хажеев Озодликка ҳамма рус банкларида ҳам осонликча кредит олишнинг имкони йўқлигини тушунтирди. У Россия давлати томонидан бошқарилаётган бирорта банкда хориж фуқароси учун ипотека берилмайди, дейди:

- “ДельтаКредит”, “ВТБ” каби давлатнинг улуши бор айрим банклар ҳам бериши мумкин, аммо у ерда хира ва тушунарсиз шартлар жуда кўп. Умуман олганда, агарда чет эллик чиндан ҳам яхши даромад топса, зарурий ҳужжатларни тақдим эта олса, мулк кредитларини олиш қийин иш эмас, дея таъкидлади Руслан Хажеев.

Мутахассис хориж фуқаролари, шу жумладан, ўзбекистонликлар миллий валюталари қадрсизланиб бораётган бир пайтда ўз маблағларини иқтисодий-сиёсий жиҳатдан нисбатан барқарорроқ ва бойроқ мамлакатларга ўтказишга уринишини табиий ҳол эканини алоҳида урғулади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, биргина Москвада уй-жой сотиб олиш истагида бўлган хорижликлар сони тахминан 3 млн кишини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG