Линклар

АҚШ Афғонистондаги қўшинлар сонини қисқартириш қарорини қайта кўриб чиқиши мумкин


АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер.

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер.

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер НАТО бўйича иттифоқчиларига ўз мамлакати кейинги йили Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигини қисқартириш бўйича режаларини қайта кўриб чиқаётганини билдирган. Бу ҳақда Британия мудофаа вазири Майкл Феллон маълум қилди.

НАТО давлатлари мудофаа вазирларининг Брюсселда ўтган учрашувидан сўнг журналистлар билан мулоқот қилган Феллонга кўра, Картер ҳамкасбларига Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сони ва уларнинг жойлашиши масалалари қайта таҳлилдан ўтказилмоқда.

Кейинроқ ўтказилган матбуот анжуманида Эштон Картер АҚШ президенти Барак Обама аввалгидек Афғонистондаги вазият ва бу вазиятнинг йил охиригача Қўшма Штатлар ҳарбий ҳозирлиги даражасига таъсирини қайта кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди. Жорий режага кўра, Вашингтон 2016 йил охиригача Афғонистондаги ҳарбийлар сонини 9 минг 800 нафардан 5 минг 500 нафарга туширмоқчи.

НАТО мудофаа вазирлари Афғонистондаги базалар умумий диспозициясини сақлаб қолиш ҳақида келишиб олганлар. НАТО бош котиби Йенс Столтенбергга кўра, айрим мамлакатлар Афғонистондаги қўшинларини кейинги йилда ҳам сақлаб қолишга тайёр. “Минтақадаги ҳозирлигимиз шарофати билан биз афғон қўшинларига маслаҳатлар бериш ва уларни ўқитишда давом этамиз. Ҳозир биз 2017 йилда Афғонистондаги ҳарбийларимизнинг аниқ сони қанча бўлишига оид якуний режа устида ишлаяпмиз”, деди Йенс Столтенберг.

XS
SM
MD
LG