Линклар

Рамазон муносабати билан Қирғизистон пойтахти Бишкекни шаҳар милицияси бир ҳафта ичида фоҳишалардан тозалашга ваъда берди. Бироқ матбуотда ва аҳоли орасида шаҳар милициясининг бу ҳаракатидан самара бўлмаслиги айтилмоқда. Айрим маълумотларга кўра, Бишкекда 5 -7 минг фоҳиша жинсий хизмат кўрсатиб келади.

Бишкек милицияси томонидан фоҳишаларга қарши рейдлар икки кун аввал бошланди. Рейд давомида милиция ходимлари бор-йўғи 25 фоҳишани қўлга олишга муваффақ бўлган:

- Рамазон ойи ва сайёҳлик мавсуми бошланиши муносабати билан шаҳарни фоҳишалардан тозалаш амалиётлари бошланди. Шаҳар Ички ишлар бошқармаси бу ҳақда махсус буйруқ чиқарди. Бир ҳафта ичида шаҳарни фоҳишалардан тўла тозалай олмасак ҳам, уларнинг сонни камайтиришга ҳаракат қиламиз,- деди Бишкек милицияси расмийси Ўлжабай Казабаев.

Қирғизистонда фоҳишаликка қарши махсус қонун мавжуд бўлмагани ортидан милициянинг бу ҳаракати самара бермайди, деб ҳисобламоқда фаоллар. Қўлга олинган фоҳишалар унча катта бўлмаган миқдорда жарима тўлагач, яна ўз ишини давом эттираверади.

- Бу ижтимоий муаммони ҳал қилиш ўта қийин. Бир ҳафта ичида шаҳарни фоҳишалардан тозалаймиз, дейишликнинг ўзи хомхаёл. Бу иш билан шуғулланаётганлар ҳам Қирғизистон фуқароларидир, улар бошқа иложиси қолмаганидан кейин мана шу йўлни танлаган одамлардир, - дейди фуқаролик жамияти фаолларидан бири Сумсарбек Мамиралиев.

Фуқаролик жамияти фоҳишалик билан шуғулланувчи қизлар рўйхатини тузиб, уларни ижтимоий марказларга жўнатиш таклифи билан чиқмоқда. Бу марказларда фоҳишалик билан шуғулланиб келган қизларга пул топишнинг бошқа йўллари, яни турли ҳунар ва касблар ўргатилади.

Бишкекда жинсий хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи қизларни нафақат муайян кўчалар, балки интернет сайтлардан ҳам топиш мумкин. Маълумотга кўра, Бишкекда тижорий секс таклиф қилувчи бир нечта сайт мавжуд. Нодавлат ташкилотларининг билдиришича, биргина Бишкекда фоҳишалик билан шуғулланувчи қизлар сони беш мингдан етти минггача бўлиши мумкин.

Фуқаролик жамияти ҳуқуқ-тартибот тузилмалари тижорий секс хизматчиларини аниқлаш жараёнида кўплаб ҳуқуқбузарликларга йўл беришини ҳам таъкидлаб келади.

Қирғизистонда бундан аввал тижорий жинсий хизмат кўрсатувчилар фаолиятини легаллаштириш масаласи бир неча марта кўтарилган эди. Бироқ жамоатчилик бу ташаббусга қарши чиқиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG