Линклар

logo-print

Собиқ чегарачи ШҲТ саммити пайтида Тошкентда пикет ўтказмоқчи


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг Тошкентда ўтказган пикетлари фаолларнинг милицияга олиб кетилиши билан якунланади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг Тошкентда ўтказган пикетлари фаолларнинг милицияга олиб кетилиши билан якунланади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари собиқ зобити Эраж Рўзиев уйи ноқонуний равишда тортиб олинганига норозилик тариқасида ШҲТ саммити ўтадиган куни Ўзбекистон президенти девони олдида пикетга чиқишини эълон қилганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан бир неча соат профилактик суҳбатдан ўтказилди. Шунга қарамай собиқ чегарачи Тошкентда пикет ўтказиш ниятидан қайтгани йўқ.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари собиқ катта лейтенанти Эраж Рўзиев 16 июнь куни Тошкентдаги “Альянс” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти орқали ШҲТ саммити ўтадиган куни Ўзбекистон президенти девони олдида пикетга чиқишини эълон қилганидан сўнг пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бошқармаси террорчиликка қарши кураш бўлимига олиб кетилди.

Эраж Рўзиевнинг айтишича, уни бошқармада кечки соат олти яримдан ўн биргача ушлаб туришган. Бошқарма ходимлари суҳбат давомида Эраж Рўзиевни пикет ўтказишдан воз кечишга ундашган ҳамда пикет ўткизадиган бўлса, унга нисбатан жазо чоралари қўлланишидан огоҳлантиришган.

Шунга қарамай Эраж Рўзиев 23-24 июнь кунлари Тошкентда балоғатга етмаган уч нафар фарзанди билан пикет ўтказиш фикридан воз кечмаганини айтди:

- Мен пикетни ўткизаман. Милиционерлар менга “Пикет ўтказманг”, деб айтишди. Аммо мен пикет ўтказишимни яна эълон қилдим. Ҳозир бориб, ҳокимиятга ҳам пикет ўтказишим ҳақида огоҳлантириш аризаси топшираман, - деди Эраж Рўзиев.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у календарь кун ҳисобида 11 йилу 9 ой, умумий ҳисобда эса 20 йил чегара қўшинларида хизмат қилган. Бироқ у хизмат қилган Жиззахдаги чегара бўлинмаси собиқ зобитга ҳукумат томонидан берилган уйни ноқонуний равишда тортиб олган.

- Умумий ҳисобда 20 йил хизмат қилдим. Ўшандан календарь ҳисобида хизмат қилганим 11 йил 9 ой 26 кун. Қонунларда, агар календарь ҳисобида 10 йилдан ортиқ хизмат қилган бўлса, уйидан чиқариш мумкин эмас, деб ёзилган. Бу борада Ўзбекистон президентининг 2007 йил 14 сентябрда имзолаган 694-сонли Фармони бор. Бундан ташқари бу ҳақда Вазирлар маҳкамасининг 325-сонли қарорининг 54-бандида, Уй-жой кодексининг 80-моддасида, 46-ва 47-моддасида ҳам айтилган. Аммо бу қонунларга бирорта судья ёки прокурор эътибор қаратгани йўқ, -деди Эраж Рўзиев.

Унга кўра, у бир неча йилдан бери судларнинг ноқонуний ажримга норозилик билдириб, Олий Судга, президент девонига, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбариятига ўнлаб шикоятлар киритган. Эраж Рўзиев бу шикоятларидан бирортасига жавоб олган эмас. Эраж Рўзиев президент девони олдида ШҲТ саммити ўтадиган куни пикетга чиқиш ўзининг сўнгги илинжи эканини таъкидлади:

- Оиламни ҳимоя қилиш учун ҳеч нарсадан қўрқмайман. Булар Ўзбекистон Конституциясини бузаётган бўлса, президент Фармонини бузиб туриб мени кўчада қолдираётган бўлса, хизматимизни ҳисобга олмаса, яна нима қилишим керак?- деди Эраж Рўзиев.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, Эраж Рўзиев ШҲТ саммити пайтида президент девони олдида балоғатга етмаган уч фарзанди билан пикет ўтказишини эълон қилган ягона ўзбекистонлик эмас.

Аввалроқ “Альянс” ҳуқуқ ташкилотига кўзи ожиз бўлган Валерий ва Венера Шукирьянс мурожаат қилиб, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уч йилдан бери оддийгина маиший муаммони ҳал қилиб бера олмаётгани, бунинг ортидан ўнлаб ногиронлар Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги дала ҳовлисида дам олишдан маҳрум бўлганини айтиб, пикет ўтказишда ёрдам кўрсатишни илтимос қилган.

“Альянс” ташкилоти бу борада милицияга мурожаат қилганидан сўнг, Юнусобод туман ички ишлар бошқармаси ногиронларнинг бир неча йилдан бери ҳал қилинмай келинаётган муаммосини бир кун ичида ечиб берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG