Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:34

Тожикистонлик ёшлар армияга бормаслик учун Қирғизистон фуқаролигини олмоқда


Ҳарбий хизматга чақирилган тожик ёшлари.
Ҳарбий хизматга чақирилган тожик ёшлари.

Тожикистон расмийлари Лахш тумани ёшлари ҳарбий хизматга бормаслик учун Қирғизистон фуқаролигини олаётганидан ташвиш билдирди. Расмий маълумотда айтилишича, мазкур туманда ҳарбий хизмат ёшида бўлган ёшларнинг 80 фоизи қирғиз фуқаролигини қабул қилган.

Тожикистоннинг Лахш тумани ҳарбий комиссари Шаъбон Шарифов жорий йилда ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган 1200 йигит Қирғизистон фуқаролигини қабул қилганини айтди. Унга кўра, бу туманда армия ёшига етган йигитларнинг 80 фоизини ташкил қилади.

Шаъбон Шарифов Қирғизистон фуқаролигини қабул қилган ёшлар айни пайтда ҳам Тожикистон ҳудудида яшаётганини ҳисобга олган ҳолда, улар армияга бормаслик учун мана шу амални қўлламоқда, деган фикрда эканини айтди.

Ҳарбий комиссар бу дастлабки рақам эканини билдириб, ҳарбий чақириқ давомида Қирғизистон фуқаролигини қабул қилган тожикистонлик ёшлар сони 2 минг кишидан ҳам ошиб кетиши мумкинлигини таҳмин қилди.

“Биз ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлган ёшларнинг уйига чақирув қоғози билан борсак, улар Қирғизистон паспортини кўрсатмоқда. Масалан, Кашшот қишлоғида 2800 одам яшайди, уларнинг барчаси этник қирғизлар. Бу қишлоқда фақат бир нафар оилада Тожикистон фуқаролари яшар экан. Бу оилада беш ўғил бўлиб, уларнинг тўрт нафари армияда хизмат қилган. Тожикистонда яшовчи этник қирғизларнинг деярли барчаси қўшни давлат фуқаролигига эга. Бу қишлоқларда Тожикистон фуқароларини кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмасиз”, деди ҳарбий комиссар.

Унинг айтишича, Қирғизистон фуқаролари бўлган ёшлар Тожикистонда яшаш жойидан рўйхатдан чиқмаганлар. Улар қўшни давлат фуқаролари бўлса-да, Тожикистонда яшашда давом этмоқда.

“Ҳатто қирғизистон томони бизга “қирғиз фуқароларини нега тожик армиясига хизматга чақираяпсизлар”, деб норозилик ҳам билдирган. Тожикистондаги айрим ташкилотлар раҳбарлари ҳам ўзлари тожик фуқароси бўлишига қарамай, фарзандларига Қирғизистон фуқаролигини олиб берган”, деди Шаъбон Шарифов.

Озодлик радиоси тожик хизматининг маълум қилишича, Лахш туманида нафақат этник қирғизлар, балки тожиклар ҳам Қирғизистон фуқаролигини олмоқда.

Радио мухбирига исми сир қолиши шарти билан маълумот берган тожикистонликка кўра: “ёш йигитлар ҳарбий хизматга бормаслик учун қирғиз паспортини олаяпти, уларнинг болалари ва хотинлари эса Тожикистон фуқароси бўлиб қолмоқда”.

Қирғизистонда бошқа мамлакатларда яшовчи этник қирғизларни фуқароликкак қабул қилиш ва уларга қирғиз паспортини бериш олти ойгача бўлган муддатда амалга оширилади.

Лахш туман расмийларига кўра, шу кунгача мазкур туманда яшовчи 20 минг тожикистонлик Қирғизистон фуқаролигини олган. Улар ҳар олти ойда Тожикистонда доимий яшаш учун рўйхатдагн ўтиб туради ва бунинг учун 175 сомоний ҳақ тўлайди.

Фуқаролик жамияти вакиллари Тожикистон армиясида жуда кўплаб муаммолар борлиги сабабли ҳам ёшлар ҳарбий хизматга боришдан қочаётганини ва қўшни давлат фуқаролигини олишга шошаётганини таъкидлайди.

Расмий маълумотларга қараганда, Тожикистонда ҳарбий хизматга чақирув бошланиши биланоқ ёшларнинг кўпчилиги Қозоғистон ва Россияга чиқиб кетади. Чақирув якунланганидан сўнг эса яна ватанига қайтади.

“Фуқаролик ҳуқуқлари офиси” ташкилоти вакили Дилрабо Самадованинг айтишича, фаоллар ҳукуматга ҳарбий хизматни ўтаган ёшларга турли имтиёзлар беришни таклиф қилиб келаётир. Фаоллар мана шундай йўл билан йигитларнинг ҳарбий хизматга кўпроқ жалб қилиш мумкин, деб ҳисоблайди. Бироқ ҳукумат ҳозирча бу таклифларни инобатга олган эмас.

XS
SM
MD
LG