Линклар

Санкт-Петербургда куни кеча тугаган Халқаро иқтисодий форум давомида юзлаб меҳнат муҳожири полиция ва миграция хизмати ходимлари томонидан ушланди. Ҳозиргача давом этаётгани айтилаётган оммавий “зачисткалар” пайтида қўлга тушган мигрантлардан миграция ва қайд борасида ҳужжатлардан ташқари “тиббий суғурта полислари” ҳам талаб қилинмоқда. Меҳнат муҳожирлари эса бу “полислар”га маҳаллий тиббиёт муассасаларида тиббий хизмат олишнинг иложи йўқлигидан шикоят қилмоқда.

Иқтисодий форум давомида шаҳар “нолегал” мигрантлардан “тозаланди”

Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербургда 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтган Халқаро иқтисодий форум давомида шаҳарда яшаётган ва ишлаётган муҳожирларга қарши ҳақиқий “ов” авж олди.

Рейд давомида

Рейд давомида

Петербург бўйича Миграция хизмати хабарига кўра, иқтисодий форум бошланган кун биргина “Парнас” ва “Девяткино” метро бекатларида тонгги олтида бошланган рейд давомида юзлаб хориж фуқаролари текширувдан ўтказилди. Улардан 79 нафари миграция ҳужжатларидаги камчиликлар туфайли Фонтанка мавзесидаги полиция бўлимларига олиб келингани айтилди.

Полиция бўлинмаларида бу шахслар аллақачон маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг аксарига нисбатан 5 минг рубллик жарима солингани маълум бўлди.

Айтиш жойизки, Халқаро форум олдидан Петербургда май ойи давомида олиб борилган оммавий текширувлар натижасида 3018 мигрант маъмурий жавобгарликка тортилиб, улардан давлат ҳисобига қарийб 4 миллион рубль жарима ундирилган эди. Ундан ташқари, полиция май ойидаги облаваларда қўлга тушган 353 нолегал муҳожир Россиядан депортация қилингани, яна 457 нафарига нисбатан эса турли жиноий моддалар асосида иш очилганини маълум қилган эди.

Путин: "Муҳожирлар учун “муросасозлик” даври тугади!"

Петербургда йиғилган 130дан зиёд мамлакат вакиллари олдида қилган чиқишида, Россия Президенти Владимир Путин меҳнат муҳожирлари масаласига алоҳида тўхталиб, Россия ҳукумати миграцияни етарли бошқара олмаётганини тан олди.

Шу сабабли Путин “мигрантларга бўлган либерал муносабатлар аҳоли ғазабини келтириши мумкин”, деган фикрда эканини билдирди:

- Биз маҳаллий бозоримиз, тилимиз ва маданий анъаналаримиз талабларига мувофиқ келадиган ҳамда унга мослаштира оладиган хорижликлар сонини мамлакатимизда қабул қилишимиз зарур,- деди Россия президенти.

Владимир Путин Россия давлати бундан буён ҳам “мигрантлар манфаатларига таяниб жамият қурмаслигига” ишора қилди.

“Тиббий суғурта полиси” бўлиши шартми?

Айни пайтда,иқтисодий форум давомида бўлиб ўтган “зачисткалар”да полиция ходимлари меҳнат муҳожирларидан асосан “тиббий суғурта полислари”ни талаб қилгани маълум.

Петербургда тўхтатилган хорижлик

Петербургда тўхтатилган хорижлик

“Меҳнат миграцияси альянси” мутахассислари миграция қонунчилигига мувофиқ Россияга кириб келаётган ҳар бир хориж фуқаросида “тиббий суғурта полиси” бўлиши шартлигини яна бир бор эслатиб қўйди.

- Ҳар ҳолда муҳожирлар “суғурта полиси”сиз бу ерда яшашга ҳақлари йўқ - уларни полиция тўхтатса жарима солиши мумкин. Аэропорт орқали кириб келаётганларга ўша ернинг ўзида уч ойлик “ДМС” суғуртасини расмийлаштириш таклиф этилади. Поезд билан кирганлар вокзалнинг ўзида полис расмийлаштиришлари шарт. Кўпинча полиция поезддан ҳозиргина тушган мигрантлардан “тиббий полис”ни талаб қилади ва жаримага тортишга уринади. Афсуски, улар билан баҳслашишнинг ҳожати йўқ: Россияда миграция қонуни шунақа, деди бу муҳожирлар нопок полициячиларнинг осон ўлжасига айланаётганини тушунтирган “Меҳнат миграцияси альянси” вакиласи.

Ташкилот эксперти “Россия Федерациясига кириш ва чиқиш тартиби тўғрисида”ни 114-чи Федерал Қонуннинг 27- моддаси 5- бандига мувофиқ “тиббий суғурта полиси” Россияда яшаб, меҳнат қилаётган ҳар бир хорижликнинг зарурий миграция ҳужжатларидан бири эканига эътибор қаратди.

Анчадан буён Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилиб келаётган Бек Озодликка “ихтиёрий тиббий суғурта полислари” ёки ДМСлар маҳаллий ҳукумат учун шунчаки қўшимча даромад манбаи эканини гапирди:

- ФМС юрибди, форум тугатилди дегани билан. Ана “Балтийский” метросини олдида машинасини қўйиб олиб, ўтган-кетганни тутаяпти, пулини олаяпти! Квартираларни, ишхоналарни текшираяпти... Бу полиция билан ФМС чиқариб олган найранги – “полис” деб, Украинага кирди-чиқди муҳрини деб ушлайди. Мақсад пул ишлаш – бу полиснинг нима кераги бор?! Буни олиб ҳам боллар тиш духтурга бориб, тишини барибир пулга қилдираяпти. Бирор бошқа жароҳат билан борса бу полисга қарашмаяпти ҳам! Аммо ФМСда шу полисига 3 минг рубль олишаяпти. Аэропортдан келаётганингизда эса мажбурлаб 1200 рублга соттираяпти: у ерда аслида “Росгосстрах”нинг ҳатто филиали ҳам йўқ экан! Паспортингизни копия қилиб, орқасига “полис” копиясини чиқариб қўяди, “Росгосстрах” деб. Полис номерига қарасангиз кўпчиликда бир хил рақамлар! Бу система билан катталар чўнтагига миллионлаб пул тушаябди. Бунга мигрант қарши чиқадиган бўлса, наркотик ёки бошқа баҳона билан қамаяпти ё “запрет” қўйяпти,- деди ўзбек муҳожири.

Суҳбатдош Россия миграция қонунчилигидаги бундай ҳолатлар нолегал тарзда ишлаб юрган мигрантлар сонининг кўпайиб бораётганига сабаб бўлмоқда, дея хулоса қилди.

Ҳозирда полиция таркибига киритилган миграция департаменти маълумотича, 2015 йилда Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятига 3 миллион ҳориж фуқароси кириб келган бўлиб, уларнинг деярли ярмисини ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ташкил этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG