Линклар

Тошкент саммитига ШҲТга аъзо барча давлат раҳбарлари келиши кутилмоқда


ШҲТнинг 2012 йили Пекинда ўтган саммитида ҳам ташкилотга аъзо барча давлатларнинг раҳбарлари шахсан қатнашган эдилар.

ШҲТнинг 2012 йили Пекинда ўтган саммитида ҳам ташкилотга аъзо барча давлатларнинг раҳбарлари шахсан қатнашган эдилар.

ШҲТга аъзо барча мамлакатлар, яъни Россия, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон раҳбарлари 23-24 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтадиган саммитга келишларини тасдиқлаганлар. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Анвар Носиров 20 июнь куни Тошкентда ўтказилган брифинг чоғида билдирган.

Вазир муовинига кўра, Тошкент саммитида ШҲТдакузатувчи мақомига эга Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон, Покистон президентлари, Ҳиндистон бош вазири ва Эрон ташқи ишлар вазири ҳам иштирок этади. Бундан ташқари, Ўзбекистон саммитга меҳмон сифатида Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовни ҳам таклиф этган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев шу йил 24 март куни журналистлар олдида қилган чиқишида июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган саммитда қатнашмаслигини билдирганди. Атамбаев бу баёнотни ўша пайтда ўзбек-қирғиз чегарасида юзага келган таранг вазият туфайли берган. Ўзбекистон пойтахтидаги саммитга бориш масаласи ҳамон очиқ қолаётганини Қирғизистон президенти май ойи бошларида Россиянинг Интерфакс агентлигига берган суҳбатида ҳам қайд этганди.

8 март куни Қирғизистон жанубидаги Ахси туманига қарашли Чаласарт участкасига Ўзбекистон 40 чоғли аскар ва ҳарбий техника киритганди. Бунга жавобан Қирғизистон ҳам шунча аскар ва техника киритган. Орадан 8 кун ўтгач, музокаралардан сўнг Ўзбекистон ўз аскарларини Чаласартдан олиб чиқиб кетган.

XS
SM
MD
LG