Линклар

Ўшда ўзбек мактаби талошга тушди

  • Шерзод

Панфилов номидаги мактаб катта йўл бўйидаги қулай мавзеда жойлашган.

Панфилов номидаги мактаб катта йўл бўйидаги қулай мавзеда жойлашган.

Ўшда маҳаллий ҳукуматнинг ўзбек ва рус тилларида таҳсил берилувчи Панфилов мактаби ўқувчиларини бошқа мактабга кўчириш қарорига ота-оналар норозилик билдирмоқда. 21 июнь куни мактаб ўқувчиларининг ота-оналари норозилик йиғини ўтказиб, шаҳар маъмуриятидан қарорни ўзгартиришни талаб қилди.

Ўшдаги ўзбек ва рус тилларида таҳсил берилувчи Панфилов мактабида ҳозирда 700 дан ортиқ ўқувчига 56 нафар ўқитувчи таълим беради. 2010 йил Ўш воқеаларига қадар мактабда фақат ўзбек тилида билим берилар эди.

Шаҳар раҳбарияти ва маориф бошқармаси қарори билан бу мактаб ўқувчилари анча узоқроқда бўлган Калинин мактабига кўчирилади. Панфилов мактабига эса авария ҳолатида бўлган рус тилида билим берилувчи Раззаков мактаби кўчиб келади.Маориф бошқармасига кўра, бу тўғридаги қарор шу йилнинг апрель ойида барча томонларнинг розилиги билан қабул қилинган.

Мактаб маъмурияти ота-оналарни ўқувчиларни бошқа мактабларга кўчириш қарори билан таништирмоқда.

Мактаб маъмурияти ота-оналарни ўқувчиларни бошқа мактабларга кўчириш қарори билан таништирмоқда.

Бироқ мактаб раҳбари Одина Мирзабаева бу ҳақида унга расман кеча соат 16.00да айтилганини билдирди.

-Ота-оналарни мен чақириб келмадим. Мени вазифам уларга кечаги протоколни таништириб қўйиш. Мен таништирдим. Хулосасини ўзинглар биласизлар, ким қандай қарор қилса қилаверсин. Мен солдатман, солдат ўз ишини бажариши керак. Мен союз давридан шу чоққача ўзимдан юқори амалдорларнинг барча айтганларини бажариб келганман. Менда хеч қандай ёмон ният йўқ. Бироқ шу ишни тўғри хал қилиб қўйишса ортимда турган барча ота-оналар рахмат айтар эди, -деди Панфилов мактаби директори Одина Мирзабаева.

Ота-оналар ҳам фарзандларининг бошқа мактабга кўчирилишига норозилик билдирмоқда.

Ота-оналар норозилик мажлисига йиғилмоқда.

Ота-оналар норозилик мажлисига йиғилмоқда.

- Биз Мўлда Ниязова кўчасида, мактаб билан бир девор қўшнимиз. Қизим уйдан чиқади, қайтиб уйга киради. Болам автобусга чиқмаганидан, хавфсиз ўқиётганидан кўнглим тўқ, Ҳудога шукур. Мэриядан илтимос қиламиз иложи борича мактабимиз қолсин, қўзғалмайлик. Бузилган мактаб ўқувчиларини ҳозирча бошқа мактабларга йигирмата-ўттизтадан бўлсин. Ўшанда ҳеч кимга оғриқ-аччиқ бўлмайди, - дейди йиғинда иштирок этган Муҳайё Юсупова.

Икки фарзанди мактабинг рус синфида таҳсил олаётган Элмира Топчубаева барча ишлар қонун доирасида қилиниши кераклигини айтади:

Ота-оналар мажлиси пайтида олинган сурат.

Ота-оналар мажлиси пайтида олинган сурат.

-Туман ва қишлоқларда мактаб ўқувчилари чодирларда ўқишаяпти. Улар ҳам бир йил шундай ўқиб турсин. Биз ўз мактабимизни бермаймиз. Биз қонун доирасида ҳаракат қилиб унга асосан иш қиламиз. Бу ишлар эса ноқонуний бўлаяпти, - дейди Элмира Тўпчубаева.

Айрим ота-оналар эса “мактаб ўзбек тилли бўлгани учун ёпилаяпти”, “Раззоқов мактабида асосан амалдорларнинг болалари ўқишади, шунинг учун улар катта йўлнинг бўйида қулай жойлашган панфилов мактабига кўз тикишмоқда”, каби фикрларни ҳам билдирмоқдалар.

Ўш шаҳар маориф бошқармаси раҳбари Қуштарбек Кимсанов эса бу масалага сиёсий тус бермаслик кераклигини айтади:

- Раззаков мактаби ўқувчиларини бўлмай туриб бошқа мактабга жойлаштириш учун бошқа биронта ҳам қулай бино йўқ. Раззаков мактабининг ўқувчилари 1100 ўринли мактабгагина сиғади. Раззоқом мактабида 1800 ўқувчи, панфилов мактабида эса 700 ўқувчи ўқийди. Ҳар томондан олиб қараганда ҳам шу қарор қонуний ва тўғри қарор бўлди,- дейди Куштарбек Кимсанов.

Ўш шаҳрида 2010 йилгача 20дан ортиқ ўзбек мактаблари мавжуд эди.2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг ўзбек тилли мактаблар қисқартирилиб, деярли барчаси ўзбек-қирғиз ва ўзбек-рус тилли мактабларга айлантирилган.

XS
SM
MD
LG