Линклар

Саратовда йўл-патрул хизмати томонидан автомобилда кетаётган қуролланган уч йигит тўхтатилган. Кейинроқ улардан мусодара қилинган автомат ўйинчоқ, пистолет эса оддий пневмат экани аниқланган. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ушланган йигитлар Ўзбекистон фуқаролари экани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Саратов вилояти ички ишлар бошқармаси 18 июн куни Саратов шаҳрининг Катта Садовая кўчасида қуролланган бир гуруҳ шахслар ушлангани тўғрисида хабар тарқатди.

Бу ҳодисани Озодликка шарҳлаб берган Саратов вилояти полициясининг расмий вакили Дмитрий Рассказовга кўра, йўл-патрул хизмати ходимлари ўтиб кетаётган Daewoo Nexia автомобилидаги йўловчилар қўлида ўқотар қуролга назари тушиб қолади.

Машина ичкарисида ўтирганлар гўё қуролни машина ойинасидан чиқариб кўрсатган.

Nexia орқасидан қувиб бориб, полициячилар унинг ичкарисида ўтирган уч нафар шахсни қўлга олди.

Автомобил салонида автомат ва пистолет борлиги аниқланди.

Дмитрий Рассказов кейинроқ пистолет пневматик, автомат эса оддий ўйинчоқ экани маълум бўлганини билдирди.

Бу хабар ортидан “ЧП Саратов” порталида қўлга тушган йигитлар ва улардан мусодара қилинган қурол-яроқ фотосурати пайдо бўлди. Худди шу нашр кўринишидан дарҳақиқат осиёлик бўлган шахслар “Ўзбекистон фуқаролари” экани тўғрисида маълумот сиздирди.

Озодлик сўровига Саратов полицияси бош бошқармаси расмий вакили Дмитрий Рассказов ушланганларнинг миллати ва фуқаролиги борасида ҳеч қандай маълумот тарқатилмагани, бу нашрнинг текширилмаган маълумоти эканига эътиборимизни қаратди.

"Айтишим мумкинки, бу йигитлар қўшни давлат фуқаролари. Улар ўзбекистонлик экани борасида мен ҳеч қандай изоҳ берганим йўқ. Улар Россияда яшовчи одамлар, ҳодиса ҳақиқатан бўлган, аммо туркманми, ўзбекми, арманми – бунисини мен сизга айтишга ҳаққим йўқ," деди Дмитрий Рассказов.

Полиция вакили мусодара қилинган қурол-аслаҳа ҳар эҳтимолга қарши экспертизага юборилганини билдирди.

Бундан олдинроқ Россияда кенг нишонланган 9 май - Ғалаба Кунида отишма уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланган 12 нафар муҳожир ҳибсга олинган эди. Полиция ушланган ўзбек муҳожирларидан иккита автомат ва иккита ўқдон мусодара қилинганини маълум қилган эди.

Бироқ, бир неча кундан кейин "террорчилик"да айбланганларнинг асосий қисми бирор тушунтиришларсиз озодликка чиқарилгани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

XS
SM
MD
LG