Линклар

Волгоград вилоятида Ўзбекистондаги севгилисидан айрилган сирдарёлик ошиқ йигит ўз жонига қасд қилди. Маҳаллий терговчилар 23 ёшида ҳаётдан кўз юмган йигитнинг яқинларини қидирмоқда.

Россиянинг Волгоград вилояти Калач-на-Дону шаҳри яқинидаги Прудбой қўрғонида ўзбекистонлик экани маълум бўлган меҳнат муҳожири жасади топилди.

Волгоград вилояти Калачёв тумани бўйича Тергов қўмитаси терговчиси Василий Глухов бу йигит шу йилнинг апрелида Россияга кириб келгани ва ишга рухсатнома расмийлаштириб, Прудбой қўрғонидаги фермер хўжалигига подачи бўлиб ишга кирганини гапириб берди.

- Маълум бўлишича, у патент асосида расман ишлаб юрган. Яна бир ўзбекистонлик юртдоши билан навбатма-навбат фермада қорамол боққан. Ҳеч қандай муаммоси бўлмаган. Иш берувчисининг сўзларига кўра, бир ойча олдин Ўзбекистондаги яхши кўрган қизи билан жанжаллашиб қолибди. Телефон орқали у қиз билан суҳбат давомида жаҳл устида ҳатто қўл телефонини ерга уриб, синдириб ҳам ташлабди. Иш берувчи у билан суҳбатлашибди, “Қўй, битта қизни деб хафа бўлма!” деган гапларни гапирибди. Шундан кейин у Россияда яна бир неча йилга қолиб ишлашга, бироз пул йиғишга рози бўлибди, деди Василий Глухов.

Нобуд бўлган йигитнинг танишларидан олинган маълумотга кўра, гўё унинг севган қизи бошқа одамни яхши кўриб қолганини айтган, ваҳоланки улар яқин орада турмуш қуришга келишиб олган бўлган.

Шу воқеадан сўнг йигит ғамгин ва камгап бўлиб қолган: у ҳатто бирга ишлаётган ҳамюртига бирор дарди ёки муаммоси борлигини билдирмаган.

20 июнь куни ўзбекистонлик муҳожир сигирларни далага олиб кетган, аммо тушлик пайтида фермада пайдо бўлмаган.

“Хавотир олган ферма эгаси уни қидириб далага чиққан”, дея давом этади калачёвлик терговчи.

- Иш берувчиси уни пода юрган даладаги дарахтга осилган ҳолатда топган. Ҳеч қандай ёзув ёки бирор тушунтириш қолдирмабди. У Россияга иккинчи маротаба келган экан, ўтган йили ҳам келиб кетган. Ҳозир унинг яқинлари бу ҳақда хабар топмаган, чунки ҳеч ким ҳозирча мурожаат қилгани йўқ, деди ўзбек муҳожири жасади ҳозирча маҳаллий экспертизада эканини билдирган Тергов қўмитаси вакили.

Ҳодиса жойига етиб келган тиббиёт ходимлари дордан олинган мурда зўравонлик аломатларисиз ҳолатда топилганини қайд этгани маълум. Терговчилар ўзбекистонлик чўпон иши юзасидан тергов ишларини давом эттирмоқда.

Волгоград вилоят Тергов қўмитасида нобуд бўлган шахснинг исми-шарифи очиқланмаслигини билдирган бўлсада, Озодлик ўз манбаларидан ўзбек муҳожирининг исми Исломжон Саидбеков экани, у 1993 йилда Сирдарё вилояти Боёвут тумани Болғали қишлоғида таваллуд топганини аниқлади.

Исломжон Саидбековни таниган-билганлар Волгоград вилояти Калачёв тумани Тергов қўмитасига қуйидаги телефон рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин: +7(84472) 3-73-98 , Калач-на-Дону шаҳри, Пархоменко, 23 уй.

Исломжон Саидбеков яқинлари бевосита Озодлик таҳририятига ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

Афсуски, Исломжон Россияда ўз жонига қасд қилаётган ошиқлардан ягонаси эмас.

2015 йилнинг 14 июлида Оренбургда полиция ходимлари 20 ёшли Ўзбекистон фуқаросини 12 соат давом этган музокарадан кейин суд томидан сакрамасликка кўндирган эди. Полицияда ўзбекистонлик бу йигит ҳам рад этилган севги туфайли ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганини тушунтирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG