Линклар

Буюк Британияда бугун мамлакатнинг Европа Иттифоқи таркибида қолиш-қолмаслиги бўйича референдум ўтказилмоқда. Бу тадбир натижалари ғарбдаги барча мамлакатлар келажагига таъсир қилиши мумкин.

Сўнгги кунлар ичида сўров натижаларини ўрганган таҳлилчилар маълумотига кўра, евроинтеграция тарафдорлари сони унга қаршилар сонидан тақрибан 0,6 фоизга озроқ. Сайловчиларнинг 9 фоизи эса бу борада ҳали бир қарорга келмаган.

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига аъзолигини бош вазир - консерватор Дэвид Кэмерон, лейбористлар раҳбари Жереми Корбин ва Либерал демократлар партияси лидери Тим Фаррор қўллаб-қувватламоқда. Улар Европа Иттифоқи таркибида бўлишнинг иқтисодий ва сиёсий афзалликларига урғу бермоқдалар.

Евроскептиклар эса энг аввало мамлакатга иммигрантлар оқиб келиши билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратмоқдалар.

Дунё лидерлари, етакчи ширкатлар, сармоядорлар Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши унинг таъсирини камайтириши, жаҳон бозорида жиддий талотум юзага келтириши ва келажакда бир неча авлод ҳаётида акс этишини таъкидламоқдалар.

XS
SM
MD
LG