Линклар

logo-print

Ҳаваскор шоира Алла Пугачёвага ëзган шеърларини унинг ўзига топширмоқчи


Андижонлик Муқаддас Азизова Новосибирскда ишлаб топган пулига Пугачёвага атаб шеърий тўплам чоп этди.

Андижонлик Муқаддас Азизова Новосибирскда ишлаб топган пулига Пугачёвага атаб шеърий тўплам чоп этди.

Россиянинг Новосибирск вилоятидан Озодлик таҳририятига мурожаат қилган ўзбекистонлик муҳожир аёл таниқли рус қўшиқчиси Алла Пугачёвага бағишлаб ёзган шеърий тўпламини хонандага етказишда кўмаклашишни сўради. Андижонлик Муқаддас Азизова севимли хонандасига атаб ёзилган "Россия юлдузи" китобни муҳожиратда ҳалол меҳнати эвазига топган пулга чоп этганини гапириб берди.

Андижонлик Муқаддас Азизова анча йиллардан бери Сибирь пойтахти саналмиш Новосибирскда муҳожиратда яшайди.

Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик бу аёл севимли рус хонандаси Алла Борисовна Пугачёвага атаб ўзбек тилида "Россия юлдузи" шеърий тўпламини чоп этганини гапириб берди.

У ўз пулига чоп этган бу китобни Пугачёва хонимга ҳадя қилиш орзусида юрганини таҳририятга юборган видеомурожаатда билдирди:

- Мен Азизова Муқаддас Алла Пугачёванинг ўзбекистонлик мухлиси бўламан. У аёлга бўлган муҳаббатим ва дил сўзларимни шу китоб орқали изҳор этаман.

Агар Пушкин тирик бўлганда балким,

У ҳам сенга атаб шеърлар ёзарди,

Сен куйлаган ҳар бир қўшиқни

Қарсак чалиб олқиш этарди...

Шу ёзган китобимни Алла Пугачёва олиб ўқишини жуда-жуда ҳам, юрагимдан истардим, деди видеодаги мурожаатида Муқаддасхон.

Маълум бўлишича, Пугачёвага бағишлаб битилган тўпламни Муқаддас фаррошлик қилиб топган маблағлари эвазига чоп этган. Муҳожир аёл журналист бўлишни орзу қилиб, Ўзбекистонда олий ўқув юртига икки йил топшириб қира олмагани¸ кейинчалик кооператив билим юртини тугаллаганини айтади.

Ҳозирда бир фарзандни тарбиялаётган Муқаддас Азизова ўн йилдан буён Россияга қатнаб ишламоқда.

Озодлик билан суҳбатда Алла Пугачёванинг кўп йиллик ашаддий шинавандаси эканини айтган бу аёл “шеърларни рус тилига ўгиришга ҳам уриниб кўрдим, бироқ алданиб қолдим”, дейди.

- Бу ёққа келиб неча йиллар давомида тўплаб, китоб ёзувдим. Мен жияним ёрдамида сизларга мурожаат қилаяпман. Бу китобни биз отделка қилиб, бор пулимизга – тўрт йил бўлаяпти – китоб қилдирган эдик. Бир-иккитаси “Ёрдам берамиз!”, деб алдашди. Пулни олиб, китоб ҳам қолиб кетди. Ёрдам берсаларингиз – шу аёлнинг қўлига тегса китоб, деган эдик-да. Унда ўзбек тилида ёзилган шеърлар. Ҳаммаси шу аёлга бағишлаб ёзилган. Китобни чиройли қилиб, қиммат қилиб чиқартирганмиз. Кейин уни рус тилига таржима қиламиз деганимизда нотўғри қилиб қўйишди. Шу учун айтяпмиз – нима қилсак экан, буни ўзбек тилида берсак бўладими? Мен олтинчи синфдан унинг мухлисасиман! Сиздан жуда миннатдор бўлардим, деди Муқаддас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG