Линклар

Сарлавҳага чиқарилган иддао билан Озодликка Сурхондарё вилояти, Денов туманида яшовчи 30 яшар Фурқат Бобоқулов мурожаат қилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Республика пахтачилик муаммоларини ҳал қилиш комиссияси раиси Иброҳим Файзуллаев Озодлик саволларига жавоб бераркан, Фурқат Бобоқуловнинг иддаоларини кескин рад этди, уларни туҳмат деб атади.

Шу кунда 26 га кирган Фарҳод Бобоқуловнинг 11 йилга озодликдан маҳрум этилиши билан якун топган воқеа бундан бир йил муқаддам бўлиб ўтган.

2015 йилнинг 24 июлида бўлиб ўтган воқеа Фурқат Бобоқуловнинг фикрича, укаси Фарҳод ва у ёқтирган қиз ўртасидаги навбатдаги учрашув эди, холос.

Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаевнинг фикрича эса, ўша кунги воқеа жиноят эди.

Муҳаббат, о муҳаббат!

Фурқатнинг айтишича, укаси Фарҳод севган қизи Г. билан 24 июлгача мунтазам учрашар, уни кўпинча ўз машинасида коллежига олиб борар, дарслар тугагач, уйига олиб келиб қўяр эди.

“Фарҳод севган қизига уйланмоқчи эди, совчи жўнатганмиз, лекин онаси “қизим ҳали ёш”, деган жавобни берган”, дейди Фурқат.

Муҳаббат достонидан муҳим чекиниш

Фурқат Бобоқуловнинг ҳикоясини давом эттиришдан олдин масаланинг муҳим жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчимиз: Фурқатнинг айтишича, 2015 йил ёзида Г. 17 га тўлган эди. Озодлик ихтиёридаги бир ҳужжатда Г. нинг 1999 йилда туғилгани қайд этилган. Иброҳим Файзуллаевнинг айтишича, қизи Г. 2015 нинг ёзида ҳали 16 га тўлмаган эди.

Ўша куни нима бўлган эди?

2015 нинг 24 июлида бўлган воқеа тўғрисида Фурқат бундай деди:

- Ўша куни Г. Damasга ўтириб кетаётган пайтда укам Damasни тўхтатиб, қизни ўқишига олиб бориб қўйиш мақсадида ўзининг машинасига ўтқазади. Буни бир-икки киши кўриб қолиб, отасига етказаган. “Қизингизни машинасига миндириб кетди”, дейишган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев. Ўша куни кечқурун қизнинг уйига участка нозири келган, дейди Фурқат.

Унинг айтишича, участка нозири қизнинг онаси ва бобосидан ариза ёздириб олади.

- Аризани кўрганман, унда қизимизга Фарҳод тегажоқлик қилаяпти, дейилган, холос. Зўрлади дейилмаган, дейди Фурқат.

Орадан бир неча кун ўтиб...

30 июлда она қизини суд-тиббий экспертизадан ўтказади ва экспертлар қизга тан жароҳатлари етгани, лекин унинг бокира эканлиги тўғрисида хулоса чиқарган. (экспертиза хулосасига кейинроқ батафсил тўхталамиз)

Бу орада тергов бошланади, лекин Фарҳод очиқда юриб туради.

Тергов бошланган кундан 3 ой ўтгач...

Фурқатнинг айтишича, уларнинг уйига участка нозири (исми Ибод) келади ва суд Фарҳоднинг бўйнига қўйган иккинчи айблов пайдо бўлади.

Фурқатнинг айтишича, ўқувчи қизларнинг коллежларга тақинчоқлар билан келиши тақиқлаб қўйилгани сабабли кунлардан бир кун (24 июль кунги воқеагадан анча олдин) коллежга яна Фарҳоднинг машинасида келган Г. сирғаларини ечиб, Фарҳодга тутқазади. Кейин ўша сирғалар икковининг ҳам эсига келмайди.

Тергов бошланган кундан 3 ой ўтгач келган участка нозири Ибод, Фурқатнинг айтишича, Фарҳодга “Бўлди, мен сизларни яраштиргани келдим, фақат сен Г.нинг сирғаларини бер, мен олиб бориб бераман, дейдида, икки кишини гувоҳ қилиб сирғаларни олиб кетади”.

- Шундай қилиб, терговчи, сирғаларни Фарҳод зўрлик билан тортиб олган деб расмийлаштиради ва 166- модда бўйича ҳам айблов пайдо бўлди, деб давом этди Фурқат.

Даҳшатли икки модда

Охир-оқибат, суд Фарҳод Бобоқуловни, акаси Фурқатнинг айтишича, Жиноят Кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) ва 166- моддасида (Талончилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айблаб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилади.

Участка нозири нима деди?

Озодлик Фурқат тилга олган участка нозири Ибод (фамилиясини айтмади) билан боғланди. У Г. нинг сирғаси билан боғлиқ эпизодга алоқаси борлигини инкор этди.

Озодлик Фарҳод Бобоқуловнинг жиноят иши билан танишиб чиққани йўқ

Юқорида келтирилган маълумотлар манфаатдор томоннинг айтганлари, холос.

Лекин ўқиганларингиз қанчалик манфаатдор томонники бўлмасин, Фурқат Бобоқуловдан олинган бир ҳужжат суднинг одил қарор чиқарганига шубҳа уйғотмай қолмайди.

Суд-тиббий экспертиза хулосаси

Денов туман суд-тиббий экспертиза бўлими судга тақдим этган “Мутахассис фикри”да айтилишича, Г. 24 июль кунги воқеа юзасидан 30 июлда экспертиза кўригидан ўтказилган.

Экспертлар унинг бокиралик пардасига зарар етмаганини, бироқ, айни пайтда нинг танасида қонталашлар, шилинма излари мавжудлигини аниқлаган.

Эътибор беринг: экспертлар Г.нинг танасидаги қонталаш ва шилинмалардан бир қисми кўрик ўтказилган вақтдан (яъни 30 июлдан) 1 суткагача вақт олдин, иккинчи қисми эса, кўрик ўтказилган вақтдан (яъни 30 июлдан) 10 – 15 сутка олдин пайдо бўлгани тўғрисида хулоса берган.

Гап эса, 24 июль кунги воқеа устида бораётган эди, яъни кўрик ўтказилган вақтдан (30 июлдан) 1 сутка ҳам, 10 – 15 сутка ҳам олдин эмас, балки 6 кун олдинги воқеа.

Фурқатнинг айтишича, Фарҳод Бобоқуловни зўрлашда айблар экан, суд шу ҳужжатга таянган.

Ўзбекистон Қаҳрамони нима деди?

Озодлик иккинчи томон – Г. нинг отаси - Ўзбекистон Қаҳрамони, Республика пахтачилик муаммоларини ҳал қилиш комиссияси раиси Иброҳим Файзуллаев билан боғланишга муваффақ бўлди.

Иброҳим Файзуллаев: Тергов очилган эдию тўхтатиб турувдик. Кейин, давай, давом эттир, дедик.

Касалхонада даволанаётганига қарамай, Иброҳим Файзуллаев Озодлик мухбирининг саволларига жавоб берди ва Фурқат Бобоқуловнинг иддаоларини кескин рад этди, уларни туҳмат деб атади. Унинг айтишича, “ака-ука бобоқуловлар 8 киши бўлиб, ҳаммаси бандит, бири одам савдоси билан шуғулланиб қамалган, яна бири одам ўлдиришда айбланиб, жазодан қутулиб қолган”

Тинглаганингиз суҳбат ёзиб олинганидан сўнг

Иброҳим Файзуллаевнинг ўзи Озодлик билан боғланди ва қуйидаги мулоқотни ёзиб олдик.

XS
SM
MD
LG