Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:35

Олий Мажлис қилган ишни Давлат думаси қила олмади


Давлат думаси ўтган ҳафта охирида қабул қилган янги қонунни Россия жамоатчилиги “одамхўрлар” (“людоедский”) қонуни, деб атамоқда.

Россия парламенти бир кундаёқ қабул қилиб ташлаган қонун терроризмга қарши қонунлар пакетидир.

Дума қабул қилган янги қонунни Ўзбекистонда ўтган йили қабул қилинган қонунга қиёсладик.

Қиёс Россия жамоатчилиги Дума депутатларини одамхўр, деб сал оширворибди, деган фикрни уйғотди. Дума қабул қилган қонун одамхўрларнинг эмас, балки мол гўшти ҳам емайдиганларнинг қонуни эканку, деган таажжуб пайдо бўлди.

Дума муҳокамасига тавсия қилинган қонун лойиҳасида Олий Мажлис ўйланиб-нетмай қабул қилиб қўйган меъёрлар бор эди.

Ўша меъёрлар Думада қонун лойиҳасининг биринчи ўқишидан ҳам ўтмади.

Гапни чўзиб, Дума депутатлари ташлаб юборган қонун моддалари мазмунини айтиб ўтирмаймиз ва 2015 йил, 12 августдаги хабаримизнинг мухтасар вариантини ёдингизга соламиз:

2015 йил, 29 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 6 август куни Сенат томонидан маъқулланган, Ислом Каримов 10 август куни имзолаган қонунга мувофиқ, агар ўзбекистонлик бирор шахс бошқа давлат фойдасига ишлаш ёки осойишталик ва хавфсизликка қарши жиноятларни содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига зиён етказса, фуқаролигидан айрилиши мумкин.

2016 нинг 2 мартида эса, Ислом Каримов Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиш жараёнини мувофиқлаштирувчи Фармонни ҳам имзолади.

Фармонда бошқа ҳолатлар билан бир қаторда ҳатто, хорижий давлатда доимий яшаб келган, аммо 5 йил давомида жўяли сабабларсиз консуллик рўйхатидан ўтмаган ўзбекистонликлар ҳам фуқароликдан чиқарилажаги белгилаб қўйилган.

Шунга ўхшаш, яъни Ўзбекистон раҳбарияти қабул қилганга ўхшаш меъёрлар Давлат думасига тақдим этилган қонун лойиҳасида ҳам бор эди.

Лекин, шуниси қизиқки, Россияда ҳануз жамоатчилик фикри инобатга олинар экан. Жамоатчилик босими остида Давлат думаси фуқароликдан маҳрум қилишга оид меъёрларни ҳатто муҳокама қилишдан воз кечди.

Масаланинг яна бир нозик жиҳати: Россия вариантида гап бипатридлар устида борган эди, холос.

Фуқаро бўлиш шахснинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқи, деди Россия жамоатчилиги ва улар кетидан парламент аъзолари.

Ўзбекистонда эса, бундай бўлмади. Фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонунни ғинг демай қабул қилиб ташладилар.

Нега?

Балки Ўзбекистонда жамоатчилик йўқдир?

Ё парламент йўқми?

Ё Конституцияни йўқотиб қўйишганмикан?

XS
SM
MD
LG