Линклар

Истанбулнинг Отатурк аэропортида содир этилган учта портлашда сўнгги хабарларга кўра, камида 36 одам ҳалок бўлди ва яна камида 147 одам жароҳатланди. Ярадорлардан баъзиларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Туркия расмийлари уч нафар худкуш террорчи аэропортга таксида келганини ва ўзларини Отатурк аэропортига кириш жойида полиция билан содир этилган отишмадан сўнг портлатиб юборганини маълум қилди.

Худкушлардан бири терминал олдида ўзини портлатишдан аввал одамларга қарата автоматдан ўқ узган. Туркия Адлия вазири Бекир Бўзаг аэропорт олдидаги метро бекати олдида ҳам портлашга ўхшаган воқеа юз берганини айтди.

Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим Истанбулдаги портлаш Бельгия пойтахти Брюссель аэропортида жорий йил мартида содир этилган террор ҳаракатига ўхшаш эканини билдириб, дастлабки таҳминларга кўра ҳужум “Исломий давлат” гуруҳи томонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон террор ҳаракатини қоралаб, “Биз жаҳон давлатларини, айниқса ғарб мамлакатларини террорчиликка қарши курашда қатъий позицияни эгаллашга чақирамиз”, деб айтди.

АҚШ, БМТ, Германия ва бошқа давлатлар лидерлари Истанбулдаги террор ҳужумини кескин қоралаб чиқди.

XS
SM
MD
LG