Линклар

Британияга Европа Иттифоқини тарк этиш жараёнини бошлаш учун вақт берилади


Германия канцлери Ангела Меркел/

Германия канцлери Ангела Меркел/

Германия канцлери Ангела Меркелнинг фикрича, британиялик сайловчиларнинг Европа Иттифоқини тарк этиш тўғрисидаги қарорини “бекор қилишнинг йўли йўқ”.

Лекин унинг айтишича, Иттифоқдан чиқиш жараёнини бошлаб олиши учун ЕИ Британияга вақт беради.

28 июнь куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ лидерлари мажлисидан кейин Британия бош вазири Дэвид Кэмерон афсусда эканлигини билдирди. Меркель Британиянинг ЕИдан чиқиб кетишидан ҳамма қайғуда эканлигини, аммо энди “хом хаёлга боришнинг кераги йўқ”лигини айтди.

Кэмерон референдумга қарамасдан, Британия Европадан юз ўгирмаслигини ҳамда Иттифоқ билан яқин алоқаларни ўрнатишни хоҳлашини билдирди.

28 июнь куни Лондонда минглаб одам Британиянинг ЕИдан чиқишига қарши намойишга чиқди. Лейбористлар партияси эса референдум қайта ўтказилиши учун курашишини билдирди. Бунга қарамасдан, Кэмерон референдум натижаларини бекор қилиб бўлмаслигини тан олди.

Кэмерон Британияни ЕИда сақлаб қолиш учун курашганини, аммо муваффақиятсизлика учраганини айтиб, Брюсселда бўлиб ўтаётган саммит ўзи учун сўнгги ЕИ саммити эканлигини қўшимча қилди.

Меркель ва бошқа ЕИ лидерлари 24 июнь куни бўлиб ўтган референдумдан аввал Кэмерон ва ҳозирги ҳукумат ўз вақтини ЕИда қолишга курашиш билан ўтказгани ва иттифоқдан чиқиш режаси ҳақида ўйлаб кўрмагани учун Биртанияга янги етакчиларни тайинлаш ва иттифоқдан чиқиш жараёнини бошлаш учун муҳлат берилишини айтишди.

Нидерландия бош вазири Марк Рютте “Уларга озгина вақт берган бўлардим. Британия сиёсий, моддий, конституциявий ҳамда иқтисодий жиҳатдан инқирозга юз тутди. [Тезда иттифоқни тарк этишларини] талаб қилиб бўлмайди. Аввал сиёсатларини тартибга келтириб олишсин”, деди.

Европа кенгаши етакчиси Дональд Туск “Европа ажрашиш жараёнини керак бўлса бугуноқ бошлашга тайёр” эканлигини таъкидлади, аммо Британия ўзига келиб олиши учун озгина вақт кераклигини тан олди.

Европа комиссияси президенти Жан-Клод Юнкер ҳеч кимда, ҳатто ЕИни тарк этишга чорлаган кампания етакчиларида ҳам чиқиш режаси йўқлигидан ҳайратда эканлигини айтди.

Юнкер Кэмерон ўрнига бошқа вазир келганидан кейин, яъни сентябрь ойидан бошлаб Британия Лиссабон келишувининг 50-моддасига таянган ҳолда чиқиш жараёнини бошлаши мумкинлигини билдирди.

Юнкер Лондон иттифоқдан чиқиш кўзда тутилган мақолага таяниб ЕИга расмий хат юбормагунича комиссия аъзоларига Британия билан махфий музокара олиб бориш ман қилинганини айтди. “Хабар бўлмаса, музокара ҳам бўлмайди,” деди у.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG