Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:52

Россия олмаган ўрик сотилаётган Қўқон бозорида хавфсизлик чораси кучайтирилди


Қўқондаги "Қўқон Музаффар" озиқ-овқат бозори
Қўқондаги "Қўқон Музаффар" озиқ-овқат бозори

Россияга кетмай қолган 30 тонна ўрикни мажбуран соттираётган "Қўқон Музаффар савдо комплекси" ​маъмурияти сотувчилар норозилигидан қўрқиб, хавфсизлик ходимлари сонини оширди. Манбалар 200 сўмга ҳам сотилмаётган мева сотувчиларга 1600 сўмдан ўтказилаётгани, эътироз қилганларга бозордан қувилиши айтилаётганини хабар қилди. Шаҳардаги бозорлар маъмуриятлари жами 200 тонна ўрикни ҳукумат буюртмаси асосида банкдан кредит олиб, боғбонлардан сотиб олган эди.

"Қўқон Музаффар савдо комплекси" улгуржи бозорида музлатгичда туриб қолган ўрикни сотишга мажбурланаётган сотувчилар билан суҳбатлашган манба норозилик борлигини урғулади:

- Ўрикни сот, бўлмаса, савдо жойини бўшатиб қўй, дейилаётганидан норози сотувчилар. Бунақаси олдин бўлмаган. Шунинг учун душанбадан бошлаб, бозорлардаги секюрити ходимлар сони ошган. Кириш-чиқиш дарвозаларда 3-4тадан одам, бозорнинг ичида, айниқса, ўрик сотилаётган қисмида яна анчаси тинмай у ёқ-бу ёққа ўтиб туришибди. Шунга бозорчилар ҳам бесаранжом, - дейди Озодликнинг Қўқондаги манбаси.​

Унинг аниқлашича, бозор раҳбарияти ўрикнинг килосини 1 минг 600 сўмдан нархлаб, 6 яшикдан сотувчиларга тарқатган. Бу ўрик аслида савдогарларга 100 минг сўм, қора бозор курсида қарийб 20 АҚШ долларига тушади. Озодлик манбаси бу пулни "бозорқўмга эҳсон" деб қабул қилаётган тадбиркорлар амалиётнинг мажбурийлигидан норози эканини алоҳида урғулади.

Бунинг устига ҳали пишмай туриб, музлатгичга солингани кўриниб турган, қорайиб-сўлиб қолган ўрик қарийб сотилмаётир:​

- Менга 20 минг сўмга 6 яшикни олинг, деди. Олмадим. Чунки, яхши пишмаган, ораларида кўм-кўклари ҳам бор. Одамлар 200 сўмга ҳам олмаяпти, - деди вазиятга шахсан гувоҳ бўлган манба.​

"Қўқон Музаффар савдо комлекси" масъулияти чекланган жамияти Россияга жўнатилмай қолган 30 тонна ўрик борлиги, 27 июндан сотувга чиқарилганини Озодликка тасдиқлаган. Аввалига бу ўрикнинг 1 килоси 1 ярим минг сўмдан тарқатилган, аммо маъмурият тадбиркорларга мажбурлаб тарқатилаётганини инкор қилган.

Яна бир манба 29 июнь куни Қўқонда яна бир йирик бозор - "Буюк ипак йўли савдо комплекси"да ҳам экспорт учун ёғоч яшикларда чиройли қоғозларга ўраб қўйилган ўрикни кўрганини айтмоқда.

Айрим сотувчилар ўрикни сотишга уриниб ҳам ўтирмай, пештахта остига жойлаб қўйган.

Чунки маҳаллий халқ орасида "қовоқ ўрик", деб аталадиган бу нав аслида унча ширали бўлмайди. Бунинг устига ҳали пишмасдан териб олингани учун шираси янада кам.

- Халқ ҳозир мевани қишга мураббо қилиб, ғамлаш учун оляпти-да. Бизда ҳозир "қизил ўрик" деган ўрик нави роса пишди. 10 килосига 2 кило шакар қўшасиз - ширингина мураббо бўлади. "Қовоқ ўрик"нинг 10 килосига камида 5 кило шакар соласиз. Шакар эса 4 ярим 5 минг сўм, - дейди қўқонлик манба.

Шаҳар ҳокимияти расмийси мухбир билан микрофонсиз суҳбатда қўқонлик тадбиркорларга мажбурлаб ўтказилаётган бу меванинг 200 тоннадан ошиғи 15-20 кун муқаддам маҳаллий ҳокимият буюртмаси асосида деҳқонлардан сотиб олинганини тасдиқлаган.

Бунинг учун шаҳардаги бир неча озиқ-овқат бозори маъмурияти банкдан 80-100 миллион сўмдан кредит олган. Боғбонлардан эса бу ўрик килоси 1 минг 400 сўмдан сотиб олинган. Шаҳар маъмурияти 200 тонна ўрикни сақлаш учун музлатгичлар ўрнатилган махсус жой ажратган.

Қўқон шаҳар ва Фарғона вилояти ҳокимликлари ҳозирча бу вазиятга расман изоҳ бергани йўқ.

2016 йилда Ўзбекистон ҳукумати Россияга 800 минг тоннадан кўпроқ мева-сабзавот етказиб бериш ниятини билдирган. Бу 2015 йилга нисбатан 17 бараварга кўпдир.

Ўзбекистонга валюта киримини кўпайтиришнинг янги имкони сифатида бу йил Россияга ҳўл мева ва сабзавот экспортини фавқулодда оширган ҳукумат соҳани тўлиқ монополия остига олди.

Президентнинг 2016 йил, 7 апрелда имзолаган “Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан экспорт билан шуғулланадиган янги ширкат ташкил этилди.

Бундан буён мамлакат чегараларидан олиб чиқиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари фақат шу ширкат орқали ўтиши лозим. Боғбон-деҳқонлар эса ҳосилини ширкатга ёки ундан рухсат олган маҳаллий агрофирмаларга сотиши мумкин, холос.

Натижада, Қўқондаги каби бир масканда катта миқдорда йиғилган маҳсулот, масалан, ўрик савдоси, айланиб-ўргилиб, яна маҳаллий тадбиркорга зарар келтирмоқда. Яъни, давлатдан кредит олган бозорлар маъмурияти зарарга кирмоқда ва зарарини қоплаш учун тадбиркорларга босим ўтказмоқда.

Май ойида андижонлик боғбонлар эртапишар гилосларини «Ўзагроэкспорт» ширкати вақтида сотиб олмаётгани, бошқа экспортчи тужжорларга ҳам сотишга рухсат берилмагани боис, ҳосилини сотолмаётганидан шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG