Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:17

Наманганнинг Чустида бир гуруҳ амалдор ер сотганликда айбланмоқда


Наманган вилояти Чуст тумани Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматининг бир гуруҳ мулозимлари ноқонуний ер сотганликда гумонланиб, бир неча кун муқаддам ҳибсга олингани маълум бўлди. Озодлик манбаларига кўра, туман собиқ прокурори ва ҳокимият мулозимлари ўзаро келишган ҳолда катта пул эвазига одамларга уй ва бошқа иншоотлар қуриш учун ер сотган. Туман прокуратураси бу иш юзасидан тергов олиб боряпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган чустлик манбага кўра, туман собиқ прокурори ҳам ноқонуний ер сотувчилар ишига шерик бўлган:

“Ер ресурси бўлими мулозимлари собиқ прокурор билан ош-қатиқ бўлиб, ер сотишган. Айни пайтда, шу ишга алоқадор бўлган бошқа мулозимлар ҳам битта-битта чақирилиб сўроқ қилиняпти. Беш-олти кун аввал Мурод Алиев деган фермерни ҳам “ичкарига” олишибди”. У ҳамма ишдан хабардор экан. Кўп нарсаларни айтиб берибди, деди манба.

Чуст туман ҳокимиятида ишлайдиган мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан айтишича, ноқонуний ер сотиш туманда жуда авж олган эди:

“Мен ҳам ноқонуний сотилган ерларни аниқлаш комиссияси таркибида қатнашганман. Прокуратура, ҳокимият ва экологлар иштирокида одамларга сотилган тут плантацияси ерларини текширишда иштирок этдим. Бу баҳорда эди. Ипак қуртига тут етказиш мушкул бўлиб қолган бир пайтда, улар бир гектар ердаги тут плантациясини кестириб ташлаб, одамларга сотган экан. Ўша пайтда ер сотишда ҳокимлар билан одамлар ўртасида турган асосий одам Исмоил Дўсанов бўлган. Гарчи у расман ер ресурслари бўлими бошлиғи бўлмаса ҳам, лекин ҳамма иш унинг қўлидан ўтган”, деди мулозим.

Мулозимнинг иддао қилишича, прокуратура ходимларидан бири ҳам ноқонуний ер сотиб олган:

“Туман прокуратурасида Баҳодир Бойзоқов деган терговчи бор. Айтишларича, у туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олимжон Қосимов билан келишиб, дорихона қуриш учун ер олган экан. Буни янги ҳоким билиб қолиб, терговчининг ўзини жавобгарликка тортиш керак деяпти экан”, деди мулозим.

Туман архитектура ва шаҳарсозлик бўлими мутахассиси Анвар Қаҳҳоров ҳам бу жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олингани айтилади.

Озодлик Чуст тумани прокуратураси терговчиси Баҳодир Бойзоқов билан телефон орқали боғланди. Терговчи бизнинг журналист эканлигимизни эшитгач, дарҳол алоқани узди.

Прокуратуранинг исмини ошкор этмаган бошқа бир мулозими эса, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг бир гуруҳ мулозимлари ноқонуний ер сотишда гумонланиб ҳибсга олинганини тасдиқлади:

“Тергов тугади. Ишни судга оширдик”, деб гапни қисқа қилди мулозим.

Бироқ, Озодлик манбалари тергов энди бошланганини, бу ишга катта мансабдорлар ҳам аралашгани учун иш судгача бормай ёпилиб кетиши мумкинлигини айтмоқда:

"Туман собиқ прокурори Маниязов ҳозир вилоят прокуратурасига кўтарилиб кетган. Агар бу иш ҳалол текширилса, прокурорнинг, ҳокимнинг ва бошқа амалдорларнинг ҳам миси чиқади. Менимча, бу иш судгача бормайди. Ўзлари ими-жимида тинчитиб юборишса керак", деди манба.

XS
SM
MD
LG