Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:10

Москвада ушланган ишидчилар гуруҳига ўзбекистонлик Ҳайрулло бошлиқ бўлган


Москванинг Останкино туман суди қарори билан ИШИДга алоқадорликда гумонланаётган олти нафар муҳожир тергов якунига қадар ҳибсга олинди. Терговчилар “Сурияга жиҳодга” одам ёллаганлик ва жўнатганликда айбланаётган ўзбек ва қирғиз фуқаролари 19 яшар ўзбекистонлик "Ўғли Хайрулло" томонидан бошқарилганини тахмин қилмоқда.

19 дан 34 ёшгача бўлган олти меҳнат муҳожири Москвада террорчи гуруҳларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди.

Россия махфий хизматлари билан ҳамкорлик қилиши айтилаётган Life нашри орқали сиздирилган маълумотга биноан, бу гуруҳ гўё Россияда жангариларни ёллаб, уларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланиб келган. Бу жиноий гуруҳга эса 19 яшар ўзбекистонлик “Ўғли Ҳайрулло” (хабарчилар “ўғли” сўзини исм билан адаштирган бўлиши мумкин.- таҳр.) исмли шахс бош бўлган.

- Террорчилик фаолиятда айбланаётган олти киши ҳибс этилди. Булар 34 ёшли Бақит Анарқулов, 27 ёшли Баҳодир Ҳамраев, 23 ёшли Жалолиддин Кенжаев, 19 ёшли Ўғли Хайрулло, 22 ёшли Аббос Зокиров ва Холдорали Дадахонлардир. Тергов тахминларига кўра, ҳибс этилганлар Россия пойтахтида бўлажак жангариларни ИШИД ҳудудларига жўнатишни ташкиллаштирган, дейилади хабарда.

Москванинг Останкино туман судида Озодлик сўровига бу шахслар ҳақиқатан суд қарори билан ҳибсга олинганини тасдиқлашди.

Бироқ, суд матбуот хизмати бошлиғи Кристина Ботирова бу иш юзасидан алоҳида назорат мавжудлиги ва қўшимча маълумот олиш учун редакция номидан махсус хат билан чиқиш лозимлигини билдирди.

- Мендаги маълумотлар базасида сиз айтган одамлар масаласи бўйича ҳибсга олиш ва ҳибсда қолдириш муҳлатини узайтириш материаллари мавжуд, холос. Улар бир жиноий иш юзасидан ўтаяптими, алоҳидами – мен билмадим. Сиз айтган одамлардан биттаси биринчи маротаба ҳибс этилгани, яна иккитасини ҳибсда қолдириш масаласи кўрилганини айтишим мумкин, деди суд расмийси Кристина Ботирова.

Екатеринбургда ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ҳибс этилган қирғизистонлик ўзбек муҳожири
Екатеринбургда ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ҳибс этилган қирғизистонлик ўзбек муҳожири

Россия ФСБси томонидан матбуотга чиқарилган маълумотлардан маълум бўлишича, айбланувчи муҳожирлар улар орасига сингдирилган махсус жосус ёрдамида қўлга туширилган.

Маълум бўлишича, оператив ходим бу гуруҳ билан алоқага чиққан, улар билан яқин муносабатлар тиклаган ва ишончга кирган. Бироз вақтдан кейин айғоқчи янги танишларидан уни Сурия ҳудудига юборишга кўмаклашишни сўраган.

Террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумонланаётганлар унга қалбаки паспорт ясаб бергани, бу ҳужжатга Гуржистонга чипта сотиб олгани айтилди. Тбилисида жиҳодга отланган жосус йигитни бошқа йўл бошловчи кутиб олиб, уни автомобилда Туркия орқали “Ислом давлати” жангарилар гуруҳи ҳудудига олиб ўтиб қўйиши режалаштирилган эди.

Махсус амалиёт пайтида рус махфий хизмати ходимлари “жиҳодчи”га кўмаклашган барча ўзбек-қирғиз мигрантларни қўлга олди.

Терговчилар судга бу “жиноий гуруҳ” бошлиғи Ўзбекистон фуқароси бўлган 19 ёшли “Ўғли Ҳайрулло” экани тўғрисида маълумотларни тақдим этгани маълум. Фсбчилар “Ўғли Ҳайрулло ” кундузи маиший техника сотувчи дўконда юк ташувчи бўлиб ишлагани, кечаси эса, айблов материалларига кўра, “ўзга дин вакилларига қарши адоватга ва уларга қарши қурол билан курашиш зарурлигига” даъват этган.

Озодлик ўз манбаларидан гуруҳга раҳбар бўлгани тахмин қилинаётган йигитнинг исми Муҳаммадали Хайрулло ўғли бўлиб, у 1997 йилда Ўшнинг Ўзган туманида туғилганини аниқлади. Шунингдек, бу шахсларнинг кўпчилиги жорий йилнинг апрелида Москванинг Шимоли-Шарқий округида қўлга олингани маълум бўлди.

Улардан бири жалолободлик 21 ёшли Нуриддин Айдаров номига берилган паспортни тақдим этган шахс ҳибс этилган кун полиция туман бошқармаси биносининг 5 қаватидан пастга сакраб, олинган оғир жароҳатлардан ўлгани хабар қилинган эди.

Озодлик сўнгги пайтларда Россиянинг турли минтақаларида “Ислом давлати” жангарилар гуруҳи ва бошқа “террорчи, экстремистик исломий гуруҳларга” аъзоликда айбланиб ҳибс этилган ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Москвада биргина март охирида “Исломий экстремист ва террорчиларга” қарши олиб борилган амалиётлар давомида “Ислом давлати” террорчи гуруҳига мансуб 20 нафар одам қўлга олингани айтилган. Бироқ, уларнинг аксари кейинроқ оддий маъмурий қонунбузарлик ва ҳужжат қалбакилаштиришда айблангани, қолганлари эса озодликка чиқарилгани борасида Россия оммавий ахборот воситалари ҳозирча лом-мим деганича йўқ.

XS
SM
MD
LG