Линклар

Путин россияликларнинг Туркияга саёҳатига қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирди


Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

Россия президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан 29 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқотидан сўнг россияликларнинг Туркияга сайёҳ сифатида боришига қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирди. Чоршанба кунги 45 дақиқалик мулоқот чоғида ҳар иккала давлат президентлари ўзаро алоқаларни тиклашга ваъда бергандилар.

Бу Сурия-Туркия чегарасида Россия ҳарбий учоғи уриб туширилганидан бери икки президент орасида уюштирилган илк суҳбатдир. Ўтган йил ноябрида турк ҳарбий-ҳаво кучлари рус бомбардимончисини уриб туширганидан кейин Москва россияликларнинг Туркияга киришини маън қилиб қўйган ва бу мамлакатга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этганди.

Жорий ҳафтада Москва Анқарадан хат олган, унда Эрдўғон рус учувчисининг ўлими муносабати билан таассуф изҳор этганди. Путин бу мужда икки томонлама алоқаларда “бўҳрон бобини ёпиш”га имкон берганини билдирди.

Россия президентига кўра, парвоз ва саёҳатга тақиқни бекор қилиш ортидан Москва Туркиядан келадиган озиқ-овқат эмбаргосини бекор қилиш ишига ҳам киришади. Россия томонидан киритилган санкциялар Туркия туристик соҳасига кенг кўламда зарар етказди.

Расмийлар Туркияга нисбатан киритилган барча тақиқлар яқин кунлар ичида бекор қилиниши мумкинлигини айтмоқдалар.

Қозоғистон расмийларига кўра, Эрдўғон президент Нурсултон Назарбоевга ҳам қўнғироқ қилиб, Россия ва Туркия ўртасидаги алоқаларни йўлга солишда кўрсатган ёрдами учун унга ташаккур изҳор этган.

XS
SM
MD
LG