Линклар

Истанбул аэропортидаги терактда яна бир ўзбекистонлик қурбон бўлган


Истанбулда портлаш қурбони бўлган Аброржон Устабоев паспорти.

Истанбулда портлаш қурбони бўлган Аброржон Устабоев паспорти.

Отатурк халқаро аэропортидаги портлаш ва отишма чоғида ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда.

Haberturk сайтининг хабар қилишича, шахси аниқланган мурдалар орасида Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан бўлган Аброржон Устабоев ҳам бор. Жамодон савдоси билан шуғулланган 22 ёшли Аброржон аэропортга келиб, таксидан тушган пайтда портлаш содир бўлган ва у ўша жойда жон берган.

Аввалроқ Туркия Адлия вазирлиги 28 июнь кунги террор хуружида 43 киши қурбон бўлгани, улардан 39 нафарининг шахси аниқлангани ҳақида маълумот тарқатганди. Вазирлик рўйхатида ўзбекистонлик Самат Муҳиддинов исми ҳам зикр этилганди.

Мазкур рўйхатдаги қурбонларнинг аксарияти Туркия фуқароларидир. Рўйхатда яна саудиялик, ироқлик, тунислик, эронлик, иорданиялик, фаластинлик, хитойлик ва украиналиклар ҳам бор.

CNN Turk телеканалининг хабар қилишича, Отатурк аэропортидаги портлашни амалга оширганлар ажнабийлар бўлиши мумкин. Аввалроқ Туркия бош вазири Бинали Йилдирим мазкур террор хуружи ортида “Исломий давлат” гуруҳи тургани тахмин қилинаётганини билдирганди.

XS
SM
MD
LG