Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:30

Атамбаев Москвадаги қирғиз фаррошларни пул ва кумуш билан мукофотлади


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев “Фаол фуқаролик позициясига эга бўлгани” учун Москвада фаррошлик қилаётган қирғиз аёллари Рисолат Қорабоева ва Жамал Қўжўеваларнинг ҳар бирини кумуш билагузуклар ҳамда 750 доллардан пул билан мукофотлади. Мазкур аёллар Қозоғистон Маданият вазирининг Россияда ҳожатхона тозалаётган қирғиз аёллари ҳақидаги баёнотига Интернет орқали жавоб берган эдилар.

Қирғизистон президентининг Фахрий ёрлиғи, кумуш билагузуклар ва 50 минг сўм, яъни 750 доллардан пул мукофотини Москвада фаррошлик қилаётган Рисолат Қорабоева билан Жамал Қўжўевага мамлакатнинг Россиядаги вакиллари топширди.

Рисолат Қорабоева президентдан бу каби совға олишини кутмаганини айтди:

- Биз қозоқ вазирига жавобан йўллаган ўз видо мурожаатимизда фаррошлик қилиб топган халол пулимизга уй қураётганимиз ҳақида ҳам гапирган эдик. Президент шунга оз бўлса ҳам ёрдам бўлсин, деб ҳар биримизга 50 минг сўмдан пул, биттадан кумуш билагузук жўнатибди. Атамбаев ўз қўли билан ёзган Фахрий ёрлиқни ҳам беришди. Албатта, биз бу совғадан хурсанд бўлдик, ич-ичимиздан жуда суюндик. Бироқ очиғини айтишимиз керак, Қирғизистонда завод-фабрикалар ишлаганида эди, биз ватанимиздан, ота-оналаримиздан узоқда муҳожирликда юрмаган бўлар эдик, - деди Рисолат Қорабоева.

Президент Алмазбек Атамбаев Рисолат Қорабоева ва Жамал Қўжўевани “Фаол фуқаролик позициясига эга бўлгани” учун мукофотлади.

23 май куни Қозоғистон маданият вазири Аристанбек Муҳамедиули Астанада ўтган йиғинлардан бирида буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ўз асарларида қирғиз халқи келажагини башорат қилган, деган фикрни билдирган.

Ўз сўзида давом этар экан, вазир: “Россияда қирғиз қизлар хожатхона тозалаб юрибди, улар ватанида иш йўқлигидан шунга мажбур бўлишаяпти. Айтматов бу ҳақда уларни ўз асарларида аввалданоқ огоҳлантирган”, деб Айтматовнинг “Оқ кема” асарини мисол келтирган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон маданият вазири гапларидан норози бўлиб, Астанага расмий нота жўнатган. Бу гап учун қозоғистонлик маданият, санъат ва спорт арбоблари қирғизистонликлардан узр сўраган эдилар.

Шундан сўнг Москвада фаррошлик қилаётган Рисолат Қорабоева ва Жамал Қўжўева Интернет орқали Қозоғистон маданият вазирига видеожавоб йўллаган..

- Ҳожатхона юваётган бўлсак ҳам халол меҳнат қилаяпмиз, танамизни сотиб харом пул ишлаётганимиз йўқ. Биз шу билан бола-чақамизни боқиб, Қирғизистон иқтисодига ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз, -дейилади, жумладан, видеожавобда.

Қирғизистонда мавжуд маълумотларга таянилса, бугунги кунда Россияда расман 500 мингга яқин қирғизистонлик меҳнат қилмоқда. Бироқ Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида ўзбекистонликлар асосий кўпчиликни ташкил қилади.

Февраль ойи бошида янгиланган маълумотларга кўра, Россияда 1 миллион 780 минг Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда. мустақил манбалар тахминига кўра, норасмий рақамлар бир неча баробарга кўпроқ бўлиши мумкин.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йилда Москва кўчаларини супураётган ўзбекларни "дангасалар" деб атаган эди.

XS
SM
MD
LG