Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:05

Тожик амалдорларидан берган фитр-садақаси ҳақида ёзма ҳисобот талаб қилинмоқда


Тожикистонлик амалдорларга Рамазон ойида муҳтож оилалар, етимлар, бечораҳол ва ёлғиз одамларга махсус рўйхат асосида фитр-садақа бериш ҳамда натижадан президент маъмуриятини хабардор қилиш ҳақида расмий кўрсатма келган. Президент ижроия девони раҳбари Озода Раҳмон имзоси остида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, имом-хатиблар ва тадбиркорларга факс юборилган хабарда бу буйруқ Тожикистон президенти фармойишига асосланиши қайд этилади.

29 июнь куни юборилган факсда амалдорлар, имом-хатиблар ва тадбиркорларнинг Рамазон ойида фитр садақаси бериши Дин ишлари ҳамда урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси томонидан назорат қилиниши таъкидланган.

Ҳужжатга мувофиқ, амалдорлар, имом-хатиблар ва тадбиркорлар президент маъмуриятига ўз оила аъзолари рўйхатини фитр-садақа сифатида берилган маблағ миқдори кўрсатилган ҳолда топширишлари лозим.

Тожикистонда шу пайтгача амалдорлардан Рамазон муносабати билан садақа ё эҳсон қилиш ва бу ҳақда ҳисобот топшириш талаб қилинган эмас. Расмийларнинг бу қарори юзасидан ҳали бирор амалдор изоҳ бергани йўқ.

Рўйхатда саналган шахслар уни бажармаган тақдирда қандай жазога тортилиши номаълум.

Ўтган йилларда Тожикистон президенти амалдорлар ва бой одамлардан Рамазон ҳайити арафасида муҳтож оилаларга ёрдам қилиб қўйишни оғзаки тарзда сўраган.

Тожикистонлик тадбиркор Абдураҳмон Давлатов Озодликнинг тожик хизматига ҳукумат буйруғидан 30 июнь куни хабар топгани ва уни албатта бажаришини айтган. У бу буйруқсиз ҳам фитр-садақани ҳар йили муҳтож одамларга бериб келганини қўшимча қилган.

- Бу йил фитр-садақани қўшни уйда яшаган ва бир ўзи тўрт болани катта қилаётган онага беришга қарор қилдим. Агар бу жараён назорат қилинадиган бўлса, бунинг ҳеч қанақа ёмон жойи йўқ, - деган Абдураҳмон Давлатов.

Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши бу йил ҳар бир мусулмон учун фитр-садақа миқдорини 5 сомоний ёки тақрибан 85 цент қилиб белгилаган.

Айни пайтда дин арбоблари бой одам фитр-садақани қанча кўп берса ҳам бўлаверишини айтиб келадилар.

Тожикистонлик дин арбоби Қобилжон Боев расмийлар фитр-садақага оид буйруқ чиқарганларини тасдиқлаган, айни пайтда фитр-садақа муҳтожларга ҳайит намози ўқилгунига қадар берилиши лозимлигини эслатган. Боевга кўра, фитр-садақани ҳеч қанақа даромади йўқ етимлар ва ногиронларга, қашшоқ одамларга берган афзалроқ.

Бу йил Тожикистонда Рамазон ҳайити 6 июль куни нишонланиши кутилмоқда. Бу кун мамлакатда дам олиш куни бўлиб ҳисобланади.

Ҳозирда Тожикистонда давлат мулозимлари сони 18 мингдан ошиши, имом-хатиблар сони эса 4 мингдан кўпроқ экани айтилади.

XS
SM
MD
LG