Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:46

Самолёт бортида сигарет чеккан самарқандлик Москва аэропортидан учирилмади


Russia -- A Transaero Boeing 737 aircraft takes off from a runway at Moscow's Vnukovo airport, Russia, October 2, 2015
Russia -- A Transaero Boeing 737 aircraft takes off from a runway at Moscow's Vnukovo airport, Russia, October 2, 2015

Ўзбекистон фуқароси Москванинг Внуково аэропортидан Самарқандга учаётган учоқдан бортда сигарет чеккани учун тушириб қолдирилди. Аэропорт маъмуриятида ўзбек муҳожири маъмурий жавобгарликка тортилганини билдиришди.

Жорий йил 1 июлида Внуково аэропортининг Москва-Самарқанд йўналиши бўйича учаётган учоқдан салонда тамаки чеккан Ўзбекистон фуқароси тушириб қолдирилди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Марказий Федерал округи бўйича Транспортдаги бошқармасида Озодликка бу ҳодиса содир бўлганини тасдиқлаб, ўзбек муҳожири аллақачон маъмурий жавобгарликка тортилганини билдиришди:

- Ҳа, бу бугун эрталаб содир бўлди. Унга жарима солинди, қонунбузар Россия Федерациясининг тамакига қарши қонуни асосида маъмурий жавобгарликка тортилди, дея тафсилотларни гапириб берди Мария Дедова.

Аниқланишича, соат 08:05 дақиқа ўтганда Самарқандга учишга тайёрланиб турган UT 809 рейсига чиққан ўзбекистонлик 1985 йилда туғилган шахс сигарет чекишни бошлаган.

Лайнер ходимлари огоҳлантиришларга қарамасдан йўловчи сигаретини ташламагани учун транспорт полицияси ходимларни чақиртирган.

29 яшар қонунбузар полиция ва бортпроводниклар ёрдамида учоқдан туширилиб, маҳаллий полиция бўлимига келтирилди.

Бўлимда ўзбекистонлик муҳожирга нисбатан Внуково аэропорти транспорт полицияси томонидан маъмурий протокол тузилди ва кейинроқ у жаримага тортилгани айтилди.

UT 809 рейси эса 50 дақиқага кечикиб йўлга чиқишга мажбур бўлди.

Россиянинг Life нашри ўзининг “аноним манбасига” таяниб лайнер бортидан тушириб қолдирилган Ўзбекистон фуқароси “қаттиқ наркотик мастлиги ҳолатида” экани тўғрисида хабар беришга шошилди.

Бироқ, Внуково аэропорти маъмуриятида бу маълумот ҳақиқатдан йироқлиги ва йўловчи учишга ҳозирланаётган бортдан сигарет тутатгани учунгина туширилганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG