Линклар

logo-print

OzodMaktub: “Гиппократ бобо, мен сиздан хафаман!”


Ўзбекистонда ҳамшира ва дўхтирлар дала ва қурилиш ишларига мажбуран жалб қилинади.

Ўзбекистонда ҳамшира ва дўхтирлар дала ва қурилиш ишларига мажбуран жалб қилинади.

Саҳарликни қилиб дам олиб ётганимда бирдан телефон жиринглаб, Наманган вилояти Чуст туман тиббиёт бирлашмаси хўжайини Олимжон Қосимов Жанобларининг шум хабарчиси бугун эрталаб 7.00 да Чуст туман санъат саройига ҳамма медперсонал йиғилиши шартлигини айтди.

Эй, Худо, яна нима бўлдийкин дедим.

Хуллас, йиғилишга борсам ҳамма тиббиёт ходимлари, тумандаги мактабларнинг биология ўқитувчилари йиғилган. Хўжайин Қосимов шахсан ўзлари минбарда, ёнларида эса ўринбосари десамми, бўрибосари десамми, хуллас Ғуломжон, Бекзодлар туришарди.

Ана энди томоша бошланади деганда Чуст туман Тиббиёт бирлашмаси мисс мадоннаси Санобархон (яъни булар хам Хўжайинга ўринбосар бўладилар) кириб келдилар. Бу опа ТТБ ҳамшираларини, тўғрироғи аёл ходимларини ишлатиб тартибга солиб сўкиб, керак бўлса уриб, ишлатадиган муштумзўр опалардан бири.

Йиғилиш бошланди. Кун тартибидаги масала юзасидан Чуст туман ТТБ бош ҳакими (хўжайин) Олимжон ҳожи Қосимов сўзга чиқиб, у туманимиз пахтазорларида ғўзага турли хил касалликлар келаётгани, 2015-2016 йил қиш мавсуми унчалик совуқ бўлмаганлиги сабабли турли хил зараркунандалар кўпайиб кетганини куйиниб гапирди. Хозирда пахта даларидаги ғўза кўчатларига ўримчаккана деган бир бало ёпишиб, қуритаётганлигини кўзида ёш билан тасвирлаб берди.

Шундан сўнг у сўзни Наманган вилояти ҳокимлигидан келган вакилга бериб, ундан бу ғўза касаллиги қанақа касал, қандай кўпаяди, хуллас ҳаммасини тасвирлаб беришни сўради.

Бу салобатли ва важоҳатли вакил бутун ТТБ ходимлари ва мактабнинг биология ўқитувчиларига ғўза касаллигини тушунтира кетди.

Мен ҳам анча нарса билиб олдим. Ғўза ўргимчакканасини капалаклар олиб келиб, у шу капалаклар орқали кўпаяр экан. Бир кунда 50 тагача тухум қўяр экан.

Хуллас, бу капалакларнинг қоши, кўзи, ранги, мўйлови, нечтага кўпайиши, қанақа кўпайишини якшанба, дам олиш учун тонг саҳардан миямизга қуйди, вакил тушмагир.

Чунки, вакил жаноблари бизни дўхтирлар эмас, агроном ёки ветеринар деб ўйлаган бўлса ажаб эмас.

Ҳа йўқ, бизнинг дўхтир эканлигимизни бошлиғимиз Қосимов жаноблари эсга солиб қўйдилар. У ҳаммага биз тиббиёт ходимлари халатимиз ва кўнглимиз оқлиги ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Бу мақтовлардан эриб, кўзимизга келган ёш бошлиқнинг мана бу гапларидан сўнг кристаллга айланиб, энди кўзни ачиштира бошлади:

"Мана хабаринглар бор, бошқа ташкилотлар хозир хам дала майдонларида ғўзани ягона ва чопиқ қилиб юрипди. Сизларнинг хар бирингиз мани ўз қизимсизлар мен сизларни ўз қизимдек кўрганим учун шу кунгача Сизларни далага чиқармадим", деса бўладими.

Эй, воҳ, нима деяпти бу одам? Раҳбар, камига Ҳаж амалини бажариб келган "ҲОЖИ" бўлса.

Шу биров индамасаю шартта олдига чиқиб "эй аҳмоқ, шунча далага чиқиб чопиқ қилиб қишин ёзин ишлаб, фермерни ишини қиган ким? Итми ёки мушукми? Балким эшшакдир?", деб қулоғининг тагига тортиворсанг. Бу ҳам майли, яна анави ёнида турган бўрибосарлари унинг гапини маъқуллаб турибди.

Хуллас Йиғилиш қарор қилди.

Мана шу капалаклар билан курашиш биз оқ кўнгилли инсонларга ишониб топширилган экан, буни биз сидқидилдан бажариб беришимиз шарт экан.

"Ҳозироқ ТТБ бўлим бошлиқлари ўз ходимларига фермер хўжаликларини ерларига бориши учун автомашина ташкиллаштирсин. Бу автомашина харажатларини ҳозирча ёнингдан қилиб турасанлар! Ой охирида ойлик чиққанда ходимлардан йиғиштириб оласанлар, тушунарлими?», деб дўқ қилди ҳожи бошлиқ.

Иш шундай. Ҳар куни саҳар соат 6.00 да бориб ерни ўртасидаги мослама (бакалажкалар)ларга ўсимликларни химоя қилиш жамияти тайёрлаб берган дори қуйиб чиқилади. Эртасига ўша тутилган капалакларни териб, старшийга бериш керак.

"Дорининг таркиби зарарлимас қўрқмаларинг… Сув, асал, шакар суспензияси..", қўшимча қилди жаноб Қосимов.

- Биология ўкитувчилари, сизларнинг вазифаларингиз. Ҳар бирингизга бириктирилган ҳамшираларга капалакни танитиб қўйиб, ёнида бирга бориб келасизлар. Ҳаммага гап тушунарлими?

–Тушунарли.

- Саволлар йўқми ?

–Йўқ.

Чуст туман Санъат саройидаги саҳардаги йиғилиш шу йўсинда тугади.

Мен ҳамшираман. Шу пайт Гиппократдан хафа бўлиб кетдим. Буюк донишманд қасамёднинг таркибига шу дала ишларини ҳам киритиб кетганда, бунчалик алам қилмасди.

Масалан, одамлар билан бирга ўсимликларнинг соғлиғини ҳимоя қилишга, ғўзалар саломатлигига зарар келтирадиган капалакларни қиришга онт ичаман деб ёзиб қўйса, асакаси кетармиди.

Гиппократ бобо, сиздан ранжидим. Сизку ақлли одам эдингиз, лекин ақлсизларга ҳам бир нарса ёзиб кетинг эди.

Ҳа, бўпти, дугонажон ўриндан туринг энди, кетдик капалакларни қиргани, бўлмаса шу ишимиздан ҳам айрилиб қоламиз...

Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG