Линклар

Ўзбекистон ва Россия қарзлар масаласини узил-кесил ҳал этди


Каримов ва Путин.

Каримов ва Путин.

Ўзбекистон ва Россия ўзаро молиявий даъволар масаласини узил-кесил мувофиқлаштириб олди. Бу ҳақда ахборот аегнтликлари 1 июль куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига таянган ҳолда хабар берди.

“2014 йилнинг 10 декабрида имзоланган ўзаро молиявий даъволар ва мажбуриятларни мувофиқлаштириш шартномаси 2016 йил 18 апрелида кучга киргани ортидан Россия Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари икки давлат ўртасидаги молиявий даъволар тўла мувофиқлаштирилгани тўғрисидаги ноталар билан алмашди”, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Россия президенти Владимир Путин 5 апрель куни 2014 йил 10 декбарда Тошкентда имзоланган давлатлараро шарномадан келиб чиқиб Дума томонидан қабул қилинган Ўзбекистоннинг 865 миллион доллар қарзидан кечилишини англатувчи шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.

Кремль Ўзбекистон Россиядан жами 889 миллион 300 минг доллар миқдорида қарздор эканини айтиб келарди. Бироқ Тошкент бу қарзнинг фақат 43 миллион 100 минг долларини тан олган ва Москва собиқ СССР Олмос фонди орқали Ўзбекистондан камида 1 миллиард доллар қарздор, деб даъво қилган.

Путиннинг 2010 йилдаги Тошкентга ташрифи давомида ўтказилган музокараларда томонлар ўз иддаоларидан воз кечишга келишиб олган эди. Келишув шартларига кўра, Ўзбекистон Москвага бўлган 25 миллион доллар қарзини Дума Ўзбекистон қарзларидан воз кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилганидан сўнг 30 кун ичида тўлаши шарт бўлган.

XS
SM
MD
LG