Линклар

Алмазбек Атамбаев гитара жўрлигида 40 йил аввал ёзган ашуласини айтиб берди


Алмазбек Атамбаев.

Алмазбек Атамбаев.

Июль ойининг бошларида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев гитара билан қўшиқ айтган видео Интернет тармоғида пайдо бўлди. Президент маъмурияти “Судьбе назло”, деб номланган қўшиқни Алмазбек Атамбаевнинг ўзи ёзганини ва ўзи куйлаганини расман тасдиқлади.

Тасвирларда Атамбаевнинг ўзи кўринмайди, унинг овози кадр ортидан эшитилади. Видеода эса Атамбаевнинг қўшиғига “Провинциальный роман" кинофильмидан олинган парчалардан иборат клипни кўриш мумкин.

"Қирғизфильм" киностудиясида суратга олиниб, ўз даврида Совет Иттифоқида жуда машҳур бўлган мазкур фильмни режиссёр М.Убукеев суратга олган, Бош ролларни эса Талгат Нигматуллин ва Венера Нигматуллина ижро этган.

Атамбаев куйлашдан олдин бу қўшиқни узоқ йиллар аввал ёзганини ва бу унинг биринчи адабий машқи бўлганини айтади.

Икки кун ичида 8 мингга яқин одам томоша қилган ушбу видеоклип остига шарҳлар ҳам қолдирилган.

Айрим шарҳларда тармоқ фойдаланувчилари қўшиқни Атамбаев айтганига ишонмаслигини ёзсалар, кўпчилик шарҳларда “Наш президент красавчик!:)))”, “Красавчик, ийгилик (муваффақият)!” каби сўзларни ўқиш мумкин.

Айрим шарҳларда Атамбаевнинг рус тилида қўшиқ куйлаганига норозилик ҳам билдирилган. Масалан, шарҳ қолдирганлардан бири: “Расво бўлдику, давлат раҳбари ўрисча қўшиқ айтаяпти. Бу ниманинг белгиси? Қирғизистонни ўрсиларга бердик деганими?”, деб эътироз билдирган.

Ўзини Сиймик Сабиров деб таништирган фойдаланувчи эса “Алмазбек Атамбаев гитара жўрлигида ўзи ёзган “Судьбе назло” қўшиғини куйлади. Бу қўшиқни у 40 йил аввал Москвада ўқиётганида ёзган эди”, деб шарҳ қолдирган.

Бундан бир неча кун аввал эса Атамбаев мактаб битирувчилари билан учрашувда ёшларни ҳалол меҳнат қилишга чақириб: "ҳалол меҳнат қилишдан қўрқмаслик керак. Мен ҳам ўз вақтида керак бўлса фаррошлик қилиб кун кечирганман", деб айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG