Линклар

logo-print

Ўзбекистонда бошқа вилоятлардан келганларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятида вақтинча қайдга олиш бўйича янги тартиб-қоидалар кучга кирди. Ўзбекистон ички ишлар вазирининг бунга оид буйруғи шу йил 28 июнида Адлия вазирлигида рўйхатга олинган.

Мазкур қоидаларга мувофиқ, Ўзбекистоннинг бошқа жойларидан Тошкентга 5 кундан кўп муддатга келган кишиларгина вақтинча ҳисобга олинади. Туман ёки шаҳар ички ишлар бошқармаси қошидаги хорижга чиқиш, келиш ва фуқароларни расмийлаштириш бўлими томонидан амалга ошириладиган вақтинча ҳисобга олиш муддати 6 ойгачадир. Бундан узоқ муддатга фақат Тошкент олийгоҳларида ўқийдиган талабаларгина қайдга олинади.

Пойтахтда вақтинча қайддан ўтган шахс қайд муддати тугагунича бу ерда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бироқ бу унга доимий ишга жойлашиш ва ижтимоий кафолатларга эга бўлиш, шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятида турар-жой сотиб олиш учун асос бўлолмайди.

Вақтинча қайддан ўтган шахсдан вақтинча рўйхатга олинган манзилда яшаш талаб қилинади. Бу каби талаблар мунтазам равишда бузилган тақдирда вилоятдан келган шахсга вақтинча қайд муддати чўзиб берилмаслиги мумкин.

Вақтинча қайд қоғози киши шахсини тасдиқловчи гувоҳномасини кўрсатган тақдирдагина яроқли ҳисобланади.

Мамлакат Конституциясининг 28-моддасида “Ўзбекистон республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга”лиги қайд этиб қўйилганига қарамай, Тошкент моҳиятан “ёпиқ” шаҳар бўлиб ҳисобланади. Маҳаллий расмийлар Тошкентда бошқа шаҳар ва қишлоқлардан келганларни қайдга олиш ишига фаол тўсқинлик қилиб келади.

Бу каби ҳолат сўнгги марта Тошкентда июнь ойида ўтган ШҲТ саммити олдидан кўзга ташланганди. Ўшанда пойтахтга қайд вақтинчалик ёпилган, қайд муддати ўтиб кетганларга эса қарийб 400 минг сўмдан жарима солинганди.

XS
SM
MD
LG