Линклар

Саудий Арабистонининг уч шаҳрида террор хуружлари амалга оширилди


Мадинадаги “Масжидун-Набавий” яқинида содир этилган теракт, 2016 йил 4 июли.

Мадинадаги “Масжидун-Набавий” яқинида содир этилган теракт, 2016 йил 4 июли.

Саудий Арабистонининг Мадина шаҳридаги “Масжидун-Набавий” яқинида содир бўлган кучли портлашда 4 киши нобуд бўлди, 10 киши яраланди.

Бу ҳақда хабар қилган Al Jazeera телеканалига кўра, худкуш кимса Пайғамбар масжиди мажмуасига кириш жойида портлаш мосламасини ҳаракатга келтирган.

Бомбали ҳужум натижасида бу ерга яқин турган бир неча автомобиль ўт ичида қолган. Портлаш учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олгани йўқ.

Пайғамбар алайҳиссалом масжиди мусулмонлар учун Маккадаги Масжидул-Ҳарамдан кейин турадиган иккинчи муқаддас жой бўлиб ҳисобланади.

Аввалроқ Саудий Арабистонининг Қатиф шаҳрида иккита портлаш юз берганди. Ройтерс агентлиги хабарига кўра, олдин масжид ёнида турган автомобиль портлатилган, сўнгра эса яна бир портлаш содир бўлган.

Кеча Жидда шаҳридаги АҚШ консуллиги олдида ҳам бомба портлаган. Террорчи консуллик биноси томон қараб кетаётганда хавфсизлик хизмати ходимлари унга яқинлашмоқчи бўлган ва шу пайт у ўзини портлатган. Портлаш чоғида хавфсизлик хизмати ходимларидан икки нафари енгил жароҳат олгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG