Линклар

BahsOnline: "Фуқаро" сўзини "Ватандош"га алмаштириш керакми?


Фуқаро калимаси қашшоқлар маъносини беради

Фуқаро калимаси қашшоқлар маъносини беради

1991 йилда шоир Эркин Воҳидов ва ëзувчи Пиримқул Қодировларнинг ташаббуси билан “граждан” сўзи ўрнига “фуқаро” деб олинган эди.

“Фуқаро” калимаси “фақир” сўзининг кўплик формасидир. Фақир дегани арабча сўз бўлиб, камбағал, қашшоқ, муҳтож, бечора маъноларини ташийди.

Шу боис тилшунос олимлар ва зиëлилар бу калиманинг “ҳақоратли” эканлигини айтиб “Ватандош”¸ “Элдош”¸ Юртдош” каби сўзларга алмаштириш зарурлигини айтиб келишди.

Марҳум тилшунос Алибек Рустамий ҳам Озодлик радиоси орқали чиқиш қилиб “фуқаро” калимаси ўрнига бошқа сўз олиш заруратини таъкидлаган эди.

Фуқаролар дейиш тўғрими?

Бу саволга марҳум шоир¸ Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ граждан сўзини “фуқарога” айлантириш ташаббускори Эркин Воҳидов Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси расмий сайтида эълон қилиниб¸ АҚШдаги “Ватандош” нашрида эълон қилинган мақоласида жавоб беришга уринган эди.

“Келиб чиқиши фақир бўлган фуқаро сўзи ҳозирги мақомга қадам-бақадам кўтарилган, аввал хожанинг фуқароси, сўнг амиру султоннинг, бора-бора мамлакатнинг фуқароси қадар етиб келган. Камбағаллик маъносини йўқота бориб, аввал тобелик, сўнг муаййян жамоага аъзолик даражасига етган. Мана энди Юрт фуқароси деганда биз Юрт эгасини тушунамиз. Бу эврилиш, бу метаморфозани кўринг! Тобеликнинг соҳибликка айланишига назар солинг!

Навбатдаги савол: Фуқаро сўзига "-лар" қўшимчаси қўшиш мумкинми? Асли маъносида, албатта, йўқ! Лекин янги маъно касб этгач мумкин экан!

XIX аср бошларида Қўқонда яшаб ижод этган ўз замонининг малик уш-шуароси бўлган Фазлийнинг "Сенга арз этар фуқароларинг...", деган сўзлари бор. Бу ғазалга шоир Вола боғлаган муҳаммас “Бозургоний” куйига солиб ҳали ҳамон айтилади. Демак, бундан икки аср аввал фуқаро амирликка тобе инсон маъносида ишлатилган ва фуқаролар шакли ҳам мавжуд бўлган.

Бугун энди фуқаро сўзи жулдур тўнини ечиб, замонавий либосда қад кўтарган. Бир қўли билан русча гражданин, иккинчи қўли билан инглизча ситизен сўзларини маҳкам ушлаб дунё саҳнида мағрур турибди.

Зотан гражданин ҳам, ситизен ҳам ўзларининг аввалги шаҳарлик деган маъноларини аллақачон тарк этганлар”.

Аммо бу “асослаш” тилшунос олимларни қаноатлантирмади. 2004 йилда тилшунос олим¸ академик Алибек Рустамий “Фуқаро” калимаси алмаштирилиш зарурат эканлигини Озодликда таъкидлаган эди.

Сиз нима деб ўйлайсиз фуқаро сўзини ватандошга алмаштириш керакми?

Агар баҳсларга қўшилмоқчи бўлсангиз, ҳар пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 19.05дан кейин OzodlikOnline, OzodSkype, OzodOvoz Скайп манзиллари ҳамда IMO, WhatsApp, VIBER орқали боғланинг.

Сиз шунингдек жонли эшиттиришга:

IMO: +420 724 971 539

WhatsApp: + 420 724 971 539, + 420 602 612 713

VIBER: + 420 602 612 713, билан боғланишингиз мумкин.

Саволларингизни, шарҳ сифатида қолдиришингиз, шунингдек, babajanovs@gmail.com электрон почта манзилига ҳам юборишингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG