Линклар

Блог. Қайга борсак, бошда дўппи, ғоз юрайлик гердайиб!

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Тўй" номли асари (фрагмент)

Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Тўй" номли асари (фрагмент)

“Фуқароми, Ватандошми?” мавзуида бошлаётганим гап, аслида, каттароқ мақола бўлуви керак эди. Бир ҳафтадан бери хом ашёси тайёр бўлган: интервьюлар олинган, ёзишмалар қилинган, китоблар кўрилган эди. Лекин мавзу BahsOnlineга кўчгани учун қисқароқ қилишга уринаман.

Қисқа гапни ҳидлардан бошламоқчиман. Ширин ҳидларни бир четга сурамиз. Сассиқларидан айтамиз.

Мен ўзим биладиган сассиқ ҳидларнинг энг сассиғини Тошкентдаги кўн зовутининг терига бирламчи ишлов бериш цехида туйганман. Талабалик йилларимда ўша цехда 3 кун ишлаганману ҳали-ҳануз эслайман ўша ҳидни.

Химикатга ботирилган мол терининг ҳидини билмасангиз, палағда тухум ҳидини биларсизу?

Ёки айниган гўшт ҳидини эсланг.

Малайзияга борганлар дуриан деган мевани ҳидлаб кўргандир. Халожойнинг ҳиди келади, дейишади.

Қисқаси, сассиқ ҳидлар 100 та бўлса, 99 ига, агар ўша ҳид орасида яшайверса, одам вақт ўтиб кўнади. Шунинг учун ҳам кўн зовути тўхтаб қолмайди.

Фақат битта ҳидга – газга қўшиладиган одорант ҳидига ҳеч ким ҳеч қачон кўнмайди. 3 йилдаям, 5 йилдаям, 100 йилдаям кўнмайди. Шунинг учун ҳам газга бошқа ашёни эмас, айнан ўша сассиқ одорантни қўшадилар. Токи бурни ҳид билавермаслар ҳам чидолмасин ва хавф муқаррар эканини сезсин, деб.

Фуқаро сўзи замиридан ҳам, мана 25 йилдирки, ўша одорантдай ёқимсиз маъно - “қашшоқ” маъноси cизиб чиқиб келавераяптики, бу маъно яна 100 йилдаям, 1000 йилдаям йўқолмайди.

Шунинг учун мана 25 йилдирки, ўзбеклар орасида бу сўз атрофида турли даражаларда баҳс-мунозара. Бу баҳс қишлоқ чойхонасидаям, академиклар гурунгидаям қулоққа чалинади.

Шунинг учун ҳам бундай баҳс озодликчилар орасида ора кунда олти марта бўлмаса ҳам, ҳар фаслда бир бор бўлиб туради.

Баҳс қизигандан қизийди баҳсни яхши кўрадиган “тўполончи” ҳамкасбларим орасида. Иш қопкетади, мақолалар чала қопкетади, тушлик қопкетади – баҳс қизийди. Ки “фуқаро” бўлмаймиз, чунки фақир эмасмиз!

Хўш, унда ким бўламиз?

“Ватандош” бўламиз”, деди кимдир баҳсларнинг охиргисида. “Турк қардошлар қарийб 100 йилдан бери “ватандош”, улардан нимамиз кам?”

Бу гапдан кейин баҳс сув сепилган олов каби “пов” этиб ўчгандай бўлди.

Бироз сукут сақладилар. Сукут - розилик аломати.

“Майли”, деди кейин кўпчилик.

“Интернет-нашрлар орасида аудиторияси энг катта нашр – ozodlik.org “ватандош” деяверсин, балки бошқалар ҳам ва охир-оқибат бутун ЎЗБЕК кўникиб кетар, ҳукумат ҳам қабул қилар", деди кўпчилик.

Балки, шундай қилинса, кейинги йилларда ўзбеклигидан ийманиброқ қола бошлаган ўзбек “қайга борса, бошда дўппи, ғоз юра бошлар, гердайиб”?

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, олдинги жумладаги сўнгги сўзлар муаллифи, бир вақтлар “Ўзбегим”и билан миллатнинг ўмгагини кўтариб қўйган Эркин Воҳидов бундан 25 йил муқаддам миллатни “фуқаро”га айлантириб кетди.

Хуллас, Фуқаро эмас, Ватандош!

Қайга борсак, бошда дўппи, ғоз юрайлик гердайиб!

XS
SM
MD
LG